“Валихўжаевга сўз бергандим”
Яқинда мустақилликнинг ўттиз уч йиллиги муносабати билан турли соҳаларда меҳнат қилган бир гуруҳ фидойи ходимлар давлат мукофоти билан тақдирланди. Улар ичида II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланган самарқандлик фахрий педагог Хадича Вафаева ҳам бор.
Хадича опа билан суҳбатимиз ёшлик дамлари, педагогик фаолияти, турмуш ўртоғи академик Ботирхон Валихўжаев билан кечирган умри ҳақида бўлди.
- Самарқанд шаҳрининг Тошкент кўчасида кинохона бор эди, лекин ҳеч кинога бормасдим, - деб эслайди Хадича опа ёшлигини. - Нима бўлди-ю уйимизга меҳмонга келган жомбойлик холамнинг қизи кинога боришни таклиф этди. Тақдирни қарангки, ўша куни домла ҳам ўртоқлари билан кинога тушган экан. У киши ҳам аслида ҳеч кинога бормас экан. Хуллас, биз олдинги қаторда ўтирдик, кинони кўрдик, чиқиб кетишимизда домла мени кўриб қолган экан. Ўша вақтда қизлар йигитларга қайрилиб қарамасди. Биз ҳеч кимга эътибор бермай, уйга қайтдик.
Домла ўртоқлари билан ортимиздан келиб, уйимизни аниқлаб кетган, аммо мен буни билмаганман. Кейин уйимизнинг ёнида чойхона бор эди, ўша ерга у киши отасини олиб келган. Улар менинг уйдан чиқишимни, чойхонанинг ёнидан ўтиб-қайтишимни кузатган. Бу ҳам етмагандек, домла мени бошқалардан ҳам суриштира бошлаган. Ўша пайтда Самарқанд давлат университетининг математика факультетида 1-курсда ўқирдим. Домла бир ўртоғига мени кўрсатса, “Жўра, мен бу қизни танийман, унинг синф раҳбариман”, дебди. Синф раҳбаримиз Ғиёс Бахриев математикадан дарс берарди.
Ботирхон Валихўжаев синф раҳбаримизга мени яқиндан кўриш нияти борлигини айтибди. Шунда уч ўртоқ ўзаро келишиб, бир режа тузибди. Аудиторияда ўтирсак, Ғ.Бахриев келиб қолди. У биз, талабаларга “Ҳозир домлалар сизларга доклад учун мавзулар беради, тушунмаган жойларингизни сўраб олинглар”, деди. Сўнг икки нафар ёш домла келиб, биз билан бироз савол-жавоб қилди. Ўзларида мавзулар борлигини, бизга тақсимлаб беришини ва кўпчиликнинг олдида ўқиб беришимизни айтишди. Тортинчоқлигим боис кўпчиликнинг олдида гапиролмайман, деб мавзу олишдан бош тортдим. Ёш домлалар негадир мажбур қилишмади, мавзуларни бошқа курсдошларимга бериб кетишди. Мавзу олган курсдошларим доклад қилишга роса тайёрланишди. Аммо улар кутганидек кўпчиликнинг олдида эмас, ўзимизнинг курсимиз ичида ўқиб беришди. Ёш домлалардан бири Ботирхон Валихўжаевнинг ўзи ҳатто тақдимотга келмади. Аслида шу арзимас баҳона билан у киши мени яқиндан кўриб кетган экан. Мен ўшанда сочлари узун, қошлари қора, чиройли қиз эдим.
Шундан сўнг уйимизга совчилар келди. Ўзаро суҳбат жараёнида билишса, домланинг отаси билан амаким бир жойда ишлаган экан. Ўша кунлари менга кўп жойдан совчилар келаётганди. Амаким дадамга “Қизингизни берсангиз шу йигитга беринг, уларнинг насли тоза, ўқиган, зиёли оила”, деганини эшитдим.
Катталарнинг ўзлари келишиб, мени унаштириб қўйишди. Биз икки ярим йил унаштирилган турдик, аммо бу даврда бирон марта учрашмадик ҳам, гаплашмадик ҳам.
ЗАГСга трамвайда бордим
Бир куни янгам “Тайёрланинг, ЗАГСга борамиз”, деб қолди. Аввалига кўнмадим, янгам бормасак бўлмайди дегач, ҳаво совуқ бўлганлиги учун эгнимга плаш ва бошимга жун рўмол ўраб чиқдим. Ҳеч қандай ясан-тусан қилмадим. Янгам билан трамвайда янги шаҳарга келдик. Кинотеатрнинг олдида ЗАГСхона бор экан. Куёв бола жўраси билан бизни кутиб турган экан. Уялганимдан куёвнинг қўлидаги гулни ҳам олмабман, гулни янгам олди. Хуллас, ичкарига кирдик, кўрсатилган жойга имзо қўйиб, дарҳол уйга қайтибман, куёв билан гаплашмабман ҳам. Ҳатто улар бирон жойда ўтирамиз деб мени излаб қолишибди. Ўша замоннинг қизлари мана шундай тортинчоқ, иболи-ҳаёли эди.
Бир куни у кишининг оналари келиб: “Ўғлим илмий ишини ҳимоя қилиб олсин, кейин тўйни ўтказамиз. Тўй нега чўзиляпти, деб ҳайрон бўлманглар, биз айниганимиз йўқ”, деб кетибди. Аммо отаси бетоб бўлиб қолгани учун ноябрь ойининг ўрталарида тезда тўйимизни ўтказишадиган бўлишди. Тўй одмигина бўлди, 100 кишига яқин одам қатнашди. Ҳозирги тўйларни ва улардаги дабдабаларни кўриб ҳайрон қоламан. Аввало, ҳар кимнинг бахтини берсин!
Тўйдан кейин қайнотам тузалиб кетди. У киши бетоблигида қараб, дуоларини олганман. Мен ушбу хонадонга катта келин бўлиб тушдим. Қайнота, қайнонам, уч нафар қайинсинглим ва икки нафар қайинукам билан бирга аҳилликда яшадим.
Отам турмушга чиқишимдан олдин: “Қизим, куёвимни ва оиласини ҳурмат қилгин, улар зиёли одамлар. Бу ердаги эркалигингни уларга қилма”, деди. Ҳақиқатда мен бироз эрка эдим. Қишин-ёзин кечқурун қовун ейдиган одатим бор эди. Мабодо, уйда қовун тугаган бўлса, отам ишдан келардию, бозорга кетарди. Мени ҳаддан ортиқ яхши кўрганидан эркалигимни кўтарарди, фақат қизим деб, яхши гапирарди. Ҳеч қачон отамдан ёмон гап эшитмаганман.
Ўн йил боғчада ишлаб, бир қошиқ овқатидан емадим
1960 йил университетни тугатдим. Самарқанд шаҳридаги 5-мактабга ишга кирдим. Мактабда математика фани ўқитувчилари кўп экан. Математика фанидан дарс йўқлиги учун аввалига меҳнат фанидан дарс олдим. Кейинроқ физика фанидан дарс беришди. Қарийб 20 йил физикадан ўқувчиларга таълим бердим.
Ўқувчиларимни ўз боламдек яхши кўрардим. Дарсда ўқувчилардан бирортасининг кўзи юмилиб кетаётган бўлса, конфет берардим, уйқуси очилиб кетарди. Доим ўзим билан игна, ип олиб юрардим. Бирор боланинг тугмаси узилиб тушса, дарров тугмасини қадаб берардим. Ўқувчиларим ҳам дарсда одоб билан ўтирарди, ўқитувчининг олдида жанжал-тўполон қилмасди.
Мактабда физика фани ўқитувчилари ҳам кўп эди, шунинг учун дарс соатларим камайиб кетди. Кунларнинг бирида кутилмаганда менга боғча мудиралигини таклиф қилишди. Самарқанд туманидаги болалар боғчаларидан бирига мудира бўлиб ишга кирдим. Бу вазифа бошида нотанишдек туюлган бўлса-да, боғчада яхши ишладим. Уч йилдан кейин шаҳардаги 22-болалар боғчасига мудира бўлдим. Турмуш ўртоғим боғчада ишлашимга қарши эди. Тўғрироғи, у киши болаларнинг ҳақини ейишимдан қўрқарди. Охири турмуш ўртоғимга боғчада ҳеч нарса емаслик ва уйга ҳеч нарса олиб келмасликка сўз бердим. Шундан кейин сўзимнинг устида туриб, боғчада бирор нарсани татиб ҳам кўрмадим. Агар ошпазлар овқатнинг тузини кўриб беринг дейишса, ҳамширага айтинглар, дердим. 1986 йилда шу боғчадан пенсияга чиқдим, аммо уйда кўп ўтиролмадим, зерикдим. Доим ҳаракатда ишлаб юрган одам уйда бекор ўтиролмас экан. Хуллас, пенсияга чиққанимдан кейин бироз муддат тўқимачилик билим юртида, кейин шаҳар халқ таълими бўлимида, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимида ишладим. Ҳозир ҳам вилоят нуронийлар жамоатчилик кенгаши аъзосиман. Қаерда меҳнат қилган бўлсам, самимий, дилкаш одамлар билан ҳамсуҳбат бўлдим. Бирон киши билан “сен-мен”га бормадим. Қаерда меҳнат қилган бўлсам, ҳалол, фидойи, интизомли мутахассис сифатида қадрландим. Камтарона меҳнатларим бугун ҳам ҳукуматимиз томонидан тақдирланаётгани мени хурсанд қилди. Бунинг учун Президентимиз ва ҳукуматимиздан миннатдорман.
Турмуш ўртоғим тўй-маракада ўн беш минутдан кўп ўтирмасди
Домла университетга фақат дарслари бўлса борарди. Қолган вақтлари уйда ўқиш-ёзиш билан банд бўларди. Ҳеч қачон улфатчилик қилмасди, тўй-маракалардан ҳам тезда қайтарди. Бирор зарур тўй чиқиб қолса, ўн беш минутдан кўп ўтирмасди, ҳатто мен дарвозани ёпиб улгурмасимдан қайтиб келарди. “Дарров қайтибсиз, марака тамом бўлдими?” десам, “Табрикладим, бўлди-да”, дердилар.
Турмуш ўртоғим отамникига борса ҳам кўп ўтирмасди. Бошида отам нега овқат пишгунча ўтирмайди, деб хафа бўларди. Кейинчалик у кишининг характерларига ўрганиб қолгач, эшикдан келишлари билан кулиб, неча дақиқага келдингиз, деб сўрайдиган бўлдилар. Бироз онамнинг ёнида қолмоқчи бўлсам, отам унамасдилар: “Бирга келдингми, бирга кетавер”, дерди.
Онам оппоқ дастурхон тўшаб, ҳамма нарсани тайёрлаб, устини ёпиб, отамнинг ишдан келишини байрамдек кутиб оларди. Отамни жуда ҳурмат қиларди. Турмуш ўртоғни қандай ҳурмат-иззат қилишни онамдан ўргандим. Умр йўлдошим билан 50 йил яшаган бўлсам, фақат бир-биримизни авайлаб, яхши гапириб, кўнглимизга қарадик. Доим бир-биримизга сизлаб муомала қилардик.
Биз тўрт қиз ва икки ўғилни биргаликда тарбияладик. Иккинчи қизим Фарида фан номзоди бўлди. Катта ўғлим мактаб директори, икки нафар фарзандим ҳуқуқшунос. Бугун қирқ нафарга яқин невара, эвара, икки нафар чеваранинг бувисиман.
Ботирхон Валихўжаев билан севиб-севилиб, бахтли ҳаёт кечирдим. Ҳаётим мазмунли ўтди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА суҳбатлашди.