Самарқанд шаҳрида сайёҳлар норози бўлган меҳмонхоналар фаолияти тўхтатиладими?
Яқинда вилоят ҳокимлигидаги муҳокамада Самарқанд шаҳридаги айрим меҳмонхоналарда хизмат кўрсатиш сифати талабга жавоб бермаслиги ва бундан сайёҳлар норози бўлаётганлиги қайд этилганди.
Маълум бўлишича, аксарият меҳмонхоналарда ободонлаштириш ишлари мутлоқо талабга жавоб бермайди, манзарали гул кўчатлари экилмаган, ходимларнинг махсус кийими мавжуд эмас, қабулхонада ноқонуний маълумот тахталари ўрнатилган. Шу билан бирга, сайёҳлар томонидан хизматлар сифатини баҳолаб борувчи “QR-cod” ҳавола ва “call-markaz” телефон рақамлари туширилган маълумотлар кўринмайдиган жойга қўйилган.
Вилоят туризм бошқармаси маълумотларига кўра, ўтказилган мониторингда вилоятдаги 691 та жойлаштириш воситалари фаолияти “е-меҳмон” тизимига уланганлиги таҳлил қилинганда 4 та хостел ва 11 та оилавий меҳмон уйи тизимга уланмаганлиги аниқланган.
Сайёҳлар энг кўп фойдаланадиган оммабоп booking.com ва бошқа бронлаш тизимлари орқали кўрсатилган хизматлар баҳолаш рейтинги ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, 24 та меҳмонхонада кўрсатилаётган хизматлар сифати “қониқарсиз”, 21 та меҳмонхонада “ўртача” деб баҳоланган.
- Аниқланган камчиликлар юзасидан меҳмонхоналар раҳбарлари огоҳлантирилиб, тегишли чоралар ҳам кўрилди, - дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқулов. – Хусусан, “Шахрезада”, “Камила”, “Марям”, “Бех Суено” меҳмонхоналари камчиликларни бартараф қилиш юзасидан бир неча марта огоҳлантирилган бўлса-да, ҳеч қандай амалий иш қилмаган. Шу боис бу меҳмонхоналарнинг мувофиқлик сертификатини бекор қилиш ва фаолиятини тўхтатиш бўйича Туризм қўмитасига хат юборилди.