Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

1 апрелдан кейин «тонировка»га рухсатномани онлайн олиш мумкин

2021 йил 1 апрелдан бошлаб автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш)га рухсатнома бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ҳам амалга оширилишига имконият яратилади. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

«Давлат божи тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, автотранспорт воситаларининг ойналарининг тусини ўзгартирганлик учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматини олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этганда, давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланадиган суммадан 90 фоиз миқдорида тўланади.

Қарор лойиҳасида Ички ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар:

- автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш)га рухсатнома бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш жараёнининг автоматлаштирилишини;

- автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш)га рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилишини таъминлаш учун зарур бўлган ахборот тизимларининг ўзаро интеграция қилинишини;

- Ягона интерактив давлат хизматлари порталида фойдаланувчининг шахсий кабинетида шу фойдаланувчига тегишли бўлган автотранспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар автомат тарзда жойлаштирилиши ва реал вақт режимида янгиланиб борилишини;

- давлат хизмати кўрсатилганлиги учун тўланган тўловлар давлат божлари ва йиғимлар суммаси ҳисобини юритувчи ягона биллинг тизими орқали электрон тарзда амалга оширилишини таъминлаш топширилган.