Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

11 марта судланган самарқандлик аёл яна ўғирликка қўл урди

Шаънига лой чаплаётган аёллар ҳақида эшитсанг, “наҳот, фарзандларининг эртасини ўйламади ёки ота-онасининг, яқинларининг юзини ерга қаратишдан уялмади?” деган ўй келади хаёлингга. Аммо ҳаёт синовларидан ўтолмаган айрим ожизалар оналик ва аёллик номига доғ туширишга қодир экан.

Феруза ҳаётда ўғирликни ўзига касб қилган аёллардан бўлиб чиқди. Унга муқаддам 11 марта ўғирлик жинояти содир этгани учун суд томонидан тегишли жазолар тайинланган. Лекин у бундан тегишли хулоса қилмаган.

2020 йил 13 июль куни Ферузада Самарқанд шаҳридаги Сартепа масканида айланиб юриб, биронта хонадонга кириб ўғирлик қилиш, пул топиш истаги пайдо бўлади ва ўзига ўлжа қидира бошлайди.

Кўп қаватли уйдаги хонадонлардан бирининг кириш эшиги очиқ ҳолатда қолдирилганлигидан фойдаланиб, мазкур хонадонга киради ва ётоқхонада бўлган, баҳоси 60.000 сўмлик аёллар сумкасини, сумканинг ичида бўлган, баҳоси 1.000.000 сўмлик уч дона аёллар узугини, 192.000 сўм пулларни, Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида 19776,2 сўмга тенг бўлган 20 сомоний Тожикистон купюрасини, 28.496 сўмга тенг 200 Россия рублини, 85,8 минг сўмга тенг бўлган 10 Эрон дирхами, жами баҳоси 1.310.542,73 сўмлик мол-мулкларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг тезкорлик билан амалга оширган ҳаракати натижасида жиноят иссиғида очилиб, Феруза шу куннинг ўзида қўлга олинган.

Суд томонидан жиноятчи бир неча бор ўғирлик қилиб, жазо ўтаб чиққан бўлса-да, ўзига керакли хулоса қилмасдан, яна бир бор қасддан жиноятга қўл урганлиги, аёллиги, вояга етмаган фарзандлари борлиги инобатга олиниб, тегишли тартибда жазо чораси тайинланди.

Муҳиддин ТЎХТАЕВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси.

Шоҳрух МИРЗААҲМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.