Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

23 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди. Кейин-чи?..

Коронавирус пандемияси сабабли карантин бошлаганидан буён дунёда ижобий маънодаги ўзгаришларни ҳам кузатдик. Гарчи, кишилар аввалига хасталикдан таҳликага тушиб қолган, номаълумлик олдида бироз довдираган бўлса-да, кўп ўтмай бу ҳолат тўлқинларнинг кучли шамол оқибатида денгиз юзига пўртанадек отилиб чиққани каби Инсон аталмиш зотнинг тупроғига қўшилган саховат, меҳр-оқибат каби мавжларини ҳам очиқликка олиб чиқди.

Бир-бирига етти ёт, саховатли инсонларнинг муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзаётгани, шифокорларнинг ўз касбидан тонмай, ҳаётини хатарга қўйиб бўлса-да, ўз касбини давом эттираётгани, айрим соҳалар вакилларининг фидойилик кўрсатаётгани, карантин қоидаларини бузаётган юзлаб инсонларга тушунтириш ишларини олиб боришдан эринмаётган кишиларнинг борлигини кузатиб турибмиз.

Фақат айни пайтда ишламаслиги мумкин бўлмаган соҳа вакиллари ўз ишини муносиблик, машаққат билан давом эттираётгани ҳолда аҳолидан фақат бир нарса – уйда қолиш сўралмоқда. Тўғри, уйда қолиш сўзининг ўзи кун бўйи бекорчилик, уйқу билан вақтни ўтказиш, дегани эмас. Зеро, инсон танаси бундай ҳолатдан ҳам азият чекади ва вақт ўтиши билан вужудига зиён етказади. Шунинг учун ўзини ҳурмат қилган инсон бу ҳолатга йўл қўймайди ва вақтини тўғри тақсимлашга интилади.

Афсуски, вақтини тақсимлаш эмас, уни шунчаки, ҳаёт оқимига қўйиб бераётганлар учун куннинг қандай ўтиши муҳим эмас.

Бугун кўпчилигимиз мамлакатимиз, бутун дунё, эҳтимол, яқинимиздаги маҳалламиз, ўзимиз бу офатдан қандай чиқиб кетарканмиз, деган хаёллар билан банд бўлган пайтда кимлардир оилавий келишмовчиликлар гирдобида қолаётир. Бу масалада афсуски, кўп ҳолларда, зўравонлик қурбони хотин-қизлар бўлиб қолмоқда.

– Зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат деб баҳоланади, – дейди Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси хотин-қизлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Раъно Қиличева. – Жорий йилнинг март ойидан бошлаб вилоятимиздаги барча шаҳар ва туман ички ишлар бўлимларида тазйиқ ва зўравонликка учраётган хотин-қизларга ҳимоя ордери бериш йўлга қўйилди. Бизга келиб тушган мурожаатлар асосида шу пайтгача вилоят миқёсида 23 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилди. Аксарият оилавий келишмовчиликларга жойида, тўғри тушунтириш орқали барҳам берилди. Хотин-қизларга тан жароҳати етказган фуқароларга бу ҳолат жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши тушунтирилди. Бугун карантин чоғида реабилитация марказлари фаолият олиб бормаяпти. Ҳимоя ордери берилган хотин-қизлар эса алоҳидаланиши керак. Бу вазиятни тушунтириб, шу ҳолатга дуч келган хотин-қизлар ҳудуд профилактика инспекторлари томонидан назоратга олинмоқда.

Юқорида бежиз бугун бутун дунё аҳлида инсон қалбининг туб-тубида ётган яхшиликлар уйғонаётгани ҳақида ёзмадим. Кимдир миллионлаб пулни хайрия қилаяпти, яна кимдир турли марказларда беминнат, бетаъма хизмат кўрсатмоқда, баъзилар кундалик ишидан ўн баробар ортиқ мажбуриятни бажармоқда. Шундай вазиятда уйда қолиб, ўз оилангиз хотиржамлигини асранг, дегимиз келади.

Ўз ҳаловатингизга, демакки, жамият хотиржамлигига бағрикенглик билан ҳисса қўшинг, деган чақириқ билан мурожаат қилгимиз келади!

Гулруҳ МЎМИНОВА.