Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ажрим ҳукми 500 АҚШ доллар эмас...

Zarnews.uz сайтида жорий йилнинг 21 июль куни Ойгул Маматованинг “Нега оилавий ажримлар кундан-кун ошиб бормоқда? Ажрим ҳукми 500 долларга чиққани ростми?” номли мақоласи берилган эди. Ушбу мақолага Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси в/б Б.У.Норов имзоси билан раддия хати келди.

Унда шундай дейилади:

“Ўзбекистон Республикаси - Президентининг 2017 йил 13 июндаги судьялар билан бўлган тарихий учрашувидан кейин суд соҳасида суднинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, судни инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилувчи ҳокимиятга айлантириш орқали халқни судга бўлган ишончини орттиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5482- сонли Фармони мазкур амалга оширилаётган ислоҳотларни давоми бўлди.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ва Ўзбекистон Судьялар ассоциациясининг суд органлари фаолиятининг шаффофлигини янада таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтириш тўғрисидаги қатор таклифлари қабул қилинган.

Самарқанд вилоятида ажримларнинг олдини олиш мақсадида вилоят суди вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси, "Маҳалла", "Нуроний" жамғармаси ва ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида оила, никоҳ тушунчалари, уларнинг қадр-қиммати ҳақида тарғибот ишлари олиб боришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Ёшларни оилага тайёрлаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, тарғибот ишлари амалга оширилиб келинмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судларининг 2019 йил  1-ярмида одил судловни амалга ошириш борасидаги ишларга назар солсак ҳисобот даврида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари сони 2019 йил 1-ярмида 2.661 тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 358 тага камайган. Улар бўйича даъво қаноатлантирилган қарорлар сони 1.429 тани ташкил қилиб, 2018 йил 1-ярми шу даврига нисбатан 164 тага камайган.

Никоҳдан ажратиш бўйича судга мурожаат қилишнинг асосий сабаблари таҳлил қилинганда оилавий келишмовчиликни 1541 та, моддий жиҳатдан қийналганлик 288 та, фарзандсизлик 136 та, спиртли ичимликларни суистеъмол қилишлик 71 та, бошқа сабаблар 775 тани ташкил қилишлиги маълум бўлди.

Судлар томонидан тарафларни ярашишлари учун кўрилган чоралар, хусусан маҳаллалар ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда олиб борилган тушунтириш ишлари, сайёр суд мажлисларида ажралишнинг ҳақиқий сабабларини аниқлаш борасида олиб борилган ишлари натижасида, 105 та оилалар ярашишига эришилган.

Бундан ташқари, мазкур аризалар билан судга мурожаат қилганларнинг кўп қисми ёш оилалар эканлиги кузатилади. Хусусан, 18 ёшдан 25 ёшгача 885 та, 26 ёшдан 35 ёшгача 1263 та, 35 ёшдан юқори эса 513 та аризалар судга келиб тушган.

Агар томонларнинг ўрталарида фарзандлари, мулкий низолари бўлмаса улар никоҳдан ажратиш ҳақида ФҲДЁ бўлимига белгиланган тартибда мурожаат қилишлари лозим.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Мазкур тоифадаги ишларни кўришда кўп ҳолларда дуч келинадиган турмушда кечадиган вақтинчалик ва тасодифий сабабларга кўра, эр-хотин ўртасида келиб чиққан ихтилофлар, шунингдек эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг жиддий важлар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатларини давом эттиришни хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди. Никоҳдан ажратишга асослар бўлмаганда, суд даъвони рад этади.

Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.

Судга никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза топширишда Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарорида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари миқдорида ва 14.200 сўм почта харажатлари тўлаб, такрорий берилганда энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баробари миқдорида ва 14.200 сўм почта харажатлари тўлаб мурожаат этилади. Суднинг ҳал қилув қарори томонлар никоҳдан ажратилганда, томонларнинг биринчи оиласи бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 150 фоиздан 300 фоизгача, эр-хотиндан бири такрорий никоҳда бўлса суднинг қарори билан 300 фоиздан 400 фоизгача эр-хотиннинг биридан ёки уларнинг иккаласидан ундирилиши белгиланган давлат божи ФҲДЁ бўлимига тўланади. 

Агар судьялар ёки суд ходимлари томонидан таъмагирлик, фирибгарлик, пора беришга ундаш, воситачилик қилиш ёки улар томонидан содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан тўғридан-тўғри фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судлари судьялари малака ҳайъатига мурожаат этишлари (0366-231-03-58) мумкинлиги маълум қилинади.

Ушбу ҳолатлар бўйича берилган маълумотлар сир сақланишига кафолат берилади.

Хулоса қилиб айтганда! Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судлари томонидан никоҳдан ажратиш ҳақида даъво аризалар кўриб чиқилганда, дастлаб судга даъво ариза топшириш учун даъвогар томонидан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари миқдорида ҳамда 14.200 сўм почта харажатларини АТ “Халқ банки”нинг ҳисоб рақамига тўлайди. Шундан сўнг суд томонидан тарафлар ўртасида тузилган никоҳ бекор қилинган тақдирда, никоҳ бекор қилинганда тарафлардан энг кам ойлик иш ҳақининг 150 фоиздан 300 фоизгача, эр-хотиндан бири такрорий никоҳда бўлса суднинг қарори билан 300 фоиздан 400 фоизгача давлат божи ФҲДЁ бўлимига тўланади.

Юқорида айтиб ўтилган ҳолатдан кўриниб турибдики. Судга мурожаат қилган фуқаролардан пул талаб қилинмайди!”