Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Alibaba асосчиси Жек Ма истеъфога чиқди

Хитойнинг энг бадавлат тадбиркори, Alibaba корпорацияси асосчиси Жек Ма бизнес раҳбарлигидан кетиши ҳақидаги хабарлар тарқалганидан бир йил ўтиб, директорлар кенгаши раҳбарлиги лавозимидан расман истеъфога чиқди. Унинг ўрнини корпорация бош директори Дэниэл Чжан эгаллади, деб хабар берди CNBC.

Жорий йилда Forbes журнали 55 ёшли Жек Манинг давлатини 38.6 миллиард долларга баҳолади ва у дунёнинг энг бадавлат инсонлари рўйхатида 21-поғонани банд этди.

Жек Ма жаҳонга машҳур Alibaba корпорациясига 1999 йилда асос солганди. Бугун у дунёдаги энг йирик электрон тижорат ва рақамли тўлов корпорациясига айланган. 2014 йилда у Нью-Йорк фонд биржасида 25 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад олиб, тарихдаги энг муваффақиятли IPO (ўз акцияларини кенг омма учун савдога чиқариш имконияти)ни қўлга киритган.

Мутахассисларнинг фикрича, Жек Ма истеъфога чиққанидан кейин ҳам директорлар кенгаши аъзоси сифатида корпорациянинг асосий масалаларини ҳал қилишда иштирок этади.

Чжан корпорацияда 12 йилдан буён ишлайди. Илгари у Taobao молия директори ва Tmall президенти лавозимларида ишлаган. Жек Ма уни бошқа ходимлардан алоҳида эътироф этарди ва 2015 йилда ўзига ўринбосар сифатида қабул қилганди.