Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Англиялик сайёҳ ўқувчиларнинг Навоий ижодига бўлган эътиборидан ҳайратланди

Ўзбек адабиёти тарихида ёрқин из қолдирган буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги жойларда кенг нишонланди.

Жумладан, Регистон мажмуасида Самарқанд шаҳридаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг иқтидорли ўқувчилари томонидан бадиий театрлаштирилган «Буюк сиймолар» мавзусидаги адабий-мусиқий дастур намойиш этилди.

Унда Алишер Навоийнинг ижоди, шеърияти, юксак ахлоқий фазилатлари тарғиб этилган достонлари ва насрий асарлари, ибратли ҳаёт йўли ҳақида сўз юритилди.

Айниқса, мактабнинг 6 ва 9-синф ўқувчилари томонидан саҳналаштирилган Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр» достонидан лавҳа Регистон ансамблига ташриф буюрган хорижий сайёҳларда катта таассурот қолдирди.

- Ўқувчиларнинг буюк мутафаккир ғазалларини руҳланиб ўқиётгани, асарларини мароқ билан ижро этаётгани уларнинг тарихий сиймоларга, алломаларга бўлган ҳурмати белгисидир, - дейди англиялик сайёҳ. - Бу каби ижодий кечаларда ҳам завқланиш, ҳам ўрганиш мумкин. Бунда ёшларнинг ташаббуси таҳсинга лойиқ.

Анора РЎЗИМУРОДОВА.