Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Антониу Гутерреш: Воқеалар айнан шу тарзда ривожланса, икки-уч йилда дунё пандемиядан олдинги ҳолатга қайта олади

Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) Бош котиби Антониу Гутерреш Aftonbladet нашрига коронавирус пандемиясидан сўнг дунёни кутиб турган икки турдаги воқеалар ривожи ҳақида сўзлаб берди.

Биринчиси, оптимистик тахмин. Унга кўра, мамлакатлар ҳозирги вазиятдан чиқиб кетади. Йирик давлатлар тикланиш режасини тузади, ривожланаётган давлатлар эса ёрдам олади. Шу билан бирга, Гутерреш яқин тўққиз ой ичида коронавирусга қарши вакцина кашф этилишига ва ундан барча фойдалана олишига умид билдирди. Унинг фикрича, воқеалар айнан шу тарзда ривожланса, икки-уч йилда дунё пандемиядан олдинги ҳолатга қайта олади.

Агар давлатлар биргаликда ҳаракат қилмаса, унда воқеалар пессимистик тарзда ривожланади. Гутеррешнинг сўзларига кўра, у ҳолда коронавируснинг янги ўчоқлари пайдо бўлаверади, ривожланаётган давлатларда вазият ёмонлаша бошлайди. Вакцина кашф этилиши жараёни чузилиб кетиши ёки унинг устида жиддий рақобат пайдо бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бундай ҳолда вакцина ҳаммага етиб бормайди. У фақатгина иқтисодий имкониятлари юқори давлатларгагина етиб боради.

“Агар воқеалар шу сценарий бўйича ривожланса, унда биз популизм ва ксенофобия (барчанинг бир-биридан нафратланиши) авж олиниши гувоҳи бўламиз”, алоҳида таъкидлади Гутерреш.

Бундан ташқари, БМТ Бош котибининг фикрига кўра, воқелар шу тарзда ривожланадиган бўлса, унда ҳар бир мамлакат ўзи учун яшай бошлайди, дунё умумий мауммоларни ҳал қилишда ожиз қолади. Натижада, глобал депрессия юзага келади ва у камида беш-етти йил давом этади. Гутеррешнинг сўзларига кўра, ҳозир дунё қайси йўлдан кетаётганлигини тушуниш қийин. Аммо у барчани энг ёмонига тайёр туришга чақирди.

“Айни вақтда бўлиниш барча учун хавфли, пандемия бизларни ўзгартириши лозим”, - таъкидлади БМТ Бош котиби.

У умумжаҳон муаммоларини ҳал қилиш учун барча дунё етакчиларини бирлашишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу “замонимиздаги энг оғир синовдан муваффақиятли ўтишга имкон беради”.