БМТ Тожикистон ҳукуматини афғонларни депортация қилишни тўхтатишга чақирди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси Тожикистондаги афғон қочқинлари билан боғлиқ вазиятдан жиддий хавотир билдирди. Уларнинг аксарияти ҳибсга олинган ва депортация қилинмоқда, деб хабар бермоқда БМТ сайти.

"Тожикистон қочқинларни ҳибсга олиш ва депортация қилиш - одамлар ҳаётига хавф туғдирадиган ҳаракатларни тўхтатиши керак. Биз доимий равишда Тожикистон ҳукуматини Афғонистондаги можаро ва таъқиблардан қочганларга ҳудудга кириш ҳуқуқини бериш ва кейинги депортацияларни тўхтатишга чақирамиз”, деди БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги матбуот котиби Элизабет Тан. У қочқинларнинг мажбурий қайтарилиши қонунга ва қочқинлар бўйича халқаро ҳуқуқнинг асоси бўлган қайтариб юбормаслик тамойилига зидлигини эслатди.

Идора 5 нафар афғон фуқаросининг депортацияси билан боғлиқ яқинда содир бўлган воқеа ҳақида маълум қилди. Улар орасида уч фарзандли она ҳам бўлган. БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги аралашувига қарамай, уларнинг барчаси 23 август куни Тожикистон шимоли-шарқидаги Панчи Поён чегара пункти орқали Афғонистонга қайтарилган.

2021 йил август ойида БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги Афғонистон бўйича ўзининг универсал тавсияларини эълон қилган эди. Ушбу қўлланма 2022 йил февраль ойида янгиланган. Ҳар икки ҳужжат ҳам давлатларни афғон фуқароларини мажбуран қайтаришни тақиқлашга чақиради.