Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Аёлларнинг уйма-уй юриб муаммолари ўрганилаяпти... Аммо, ҳали-ҳануз бозорларда мардикор аёллар сафи камаймаяпти

15-28 май кунлари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан бир гуруҳ аёллар «OPEN WORLD» дастури орқали Америка Қўшма Штатларининг Род-Айленд штатига ўқув-курсларига юборилмоқда...
Биз бугун хотин-қизлар қўмитаси томонидан иш ўринлари яратилаётгани, баъзи аёлларга имтиёзли уй жой олиб берилаётгани ҳақидаги хабарларни эшитиб қолаяпмиз. Аёлларнинг уйма-уй юриб муаммолари ўрганилаяпти... Аммо, ҳали ҳануз бозорларда мардикор аёллар сафи камаймаяпти. Ишсиз аёллар муаммолари ҳам етарлича. Иш билан таъминланди, иш билан банд бўлди дегани аёлларнинг муаммоси ҳал қилинди дегани эмас. Ўша яратилган иш ўринларининг ойликларини кўтариш, яратилган иш ўринларининг шарт-шароитларини яхшилаш ҳақида қайғуриш керак. Айтайлик ёлғиз аёл (менда бундай мисоллар тиқилиб ётибди) 600 минглик ойликка ишга жойлаштирилди. У бир ёки икки нафар фарзандини шу пулга неча кун боқиши мумкин?

Айтайлик, тўрт нафар фарзанди бор аёлнинг бир фарзанди ногирон, аёл ёлғиз, ишлашнинг имкони йўқ ногирон болага ўзи қараши керак. Ногирон боласига 400 минггина нафақа олади. Уйда ўтирган ёлғиз аёл 400 минг нафақа билан қандай яшайди? Бу пул болага етадими, бир ойга? Қолганларни она қай йўл билан боқади? Яна бир аёл 800 минг ойлик олади. 20 йилдан бери ижарада туради. 300 минг ижара пули тўлайди. Икки нафар фарзанди бор. Ҳалигача имтиёзли уйга навбатга қўйилмаяпти. Ойига нечадир миллион кредитни қандай тўлайди? Шунчаки иш билан таъминлаш, шунчаки имтиёзли уй олиб бериш ёки болага арзимаган нафақа тўлаш бу муаммонинг ечими эмас...Шу нафақанинг, ойлик иш ҳақининг миқдорини ошириш йўллари йўқми?

Албатта, барча муаммоларнинг ечими хотин-қизлар қўмитаси гарданида демоқчи эмасман. Аммо хотин-қизлар вакили сифатида турли қонуний ҳужжатлар қабул қилинаётганида ўз талаблари билан мурожаат қилишга уларнинг ҳақлари бор. Америкада аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади? Уларга давлат ёрдам берадими? Берган ёрдами қўл учида эмасми? Аёллар, ёлғиз аёллар қандай ижтимоий ҳимоя қилинган? Оладиган ойлигига, оладиган нафақасига қониқарли шарт шароитда яшайдими? Биз бундай тажриба алмашунувлардан бағоят хурсандмиз. Тажриба алмашиш учун кетаётган опа-сингилларимизга оқ йўл тилаймиз.

Назардан четда қолдирмайдиган энг муҳим нарса —америкалик хонимлар ўз ишларига қандай ёндашадилар? Менимча, албатта ўз ишига масъулият, фидойилик билан ёндашишни, аёлларнинг дардини ҳақиқатан эшита олишни ўрганиш кун тартибидаги биринчи масала бўлиши лозим. Бу соҳада ишлаётган жонсарак, куюнчак опа-сингилларимиз ҳам бор. Аммо аёллар дардини тинглашни билмайдиган ходимлар ҳам талайгина. Тажриба алмашиш ўз йўлига. Ходим ўз касбига садоқатли, масъулиятли, жонсарак бўлмас экан унинг тажрибасию билими бир пул...

Барно Султонова.