Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бахтиёр Сайфуллаев: “Газеталарда депутатлар фаолияти билан боғлиқ доимий рукнлар ташкил этилиши керак”

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар, доимий комиссиялар фаолиятининг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши билан танишиш мақсадида Самарқанд вилояти Матбуот уйида бўлди.

Бу ерда вилоят "Зарафшон", "Самаркандский вестник", "Овози Самарқанд", туман ва шаҳар газеталарида Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатининг биринчи мажлисларида белгилаб берган вазифалари асосида маҳаллий Кенгашлар фаолияти, улар томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари қарорларининг бажарилиши, шунингдек, сенаторлар, депутатларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларини кузатди.

- Газеталарда “Депутат минбари”, “Доимий комиссияларда”, “Депутатга уч савол”, “Маҳаллий Кенгашларда” каби доимий рукнлар остида мунтазам равишда материаллар берилиши, уларда давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўла акс этиши керак, - деди Б.Сайфуллаев. – Бу биринчидан, депутатларнинг фаоллигини таъминласа, иккинчидан, жамоатчиликнинг кенгашлар фаолияти, улар томонидан амалга оширилаётган ишлардан хабардорлигини оширади.