Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

"Биз буюк давлат қурувчилар авлодимиз". Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида шу мавзуда конференция бўлиб ўтди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва республика Ёшлар туризми агентлиги томонидан ташкил этилган тадбирда "Ипак йўли" туризм халқаро университети талабалари, партия аъзолари ҳамда ёшлар қатнашди.

Конференцияда сўз олганлар ёшларнинг онгини маънавий, ҳуқуқий ва сиёсий билимлар билан бойитиш ҳамда мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш учун қандай ишларни амалга ошириш лозимлиги ҳақида сўз юритди.

– Самарқанд - сайёҳлар шаҳри, бу ерда туризмни ривожлантиришда Франция, Туркия, Миср каби давлатлар тажрибаси асосида таколмиллаштириш лозим, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаев. – Бунинг учун албатта, ёшларнинг туризм соҳасидаги билимларини ошириш керак. Қолаверса, тадбирни ўтказишда ёшлар билан фикр алмашиш ва улар берадиган асосли таклифларни амалда қўллаш мақсад қилинган.

Конференция доирасида “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан Тошкент шаҳрининг меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган оила фарзандларининг Самарқанд шаҳридаги табаррук қадамжолар ва диққатга сазовор жойларга саёҳати ташкил этилди.

Анжуманда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова иштирок этди.

А.ПЎЛАТОВ.