Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Боғчалар куз-қиш мавсумига тайёрми?

Сўнгги уч йилда Самарқанд вилоятида давлат боғчалари 124 тага, хусусий боғчалар 66 тага, давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчалар 84 тага ва оилавий нодавлат боғчалари 1307 тага кўпайган. Бугун вилоятда 2 145 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритиб, уларга 337 121 нафар 3-7 ёшгача бўлган болаларнинг 176 498 нафари (52,4 фоиз) қамраб олинган.

Бу ҳақда Матбуот уйида вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ва соҳага тегишли мутасаддилар иштирокида "Вилоят мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш ва пандемия шароитида фаолиятдаги асосий жиҳатлар" мавзусида ўтказилган анжуманда айтиб ўтилди.

Шунингдек, тадбирда болаларнинг боғчаларга қамровини ошириш, мактабгача таълим ташкилотларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, таълим-тарбия сифати, педагог кадрларнинг малакасини ошириш, боғчаларнинг озиқ-овқат захиралари бўйича маълумот берилди.

- Бугун боғчаларга бўлган эътибор туфайли фарзандларининг илк таълим олишини истаётган ота-оналар кўпайган, - дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Раҳмонов. – Буни 70 мингга яқин болалар таълим олиш учун навбатда турганидан ҳам билиш мумкин. Ушбу навбатни камайтириш, болаларнинг боғчаларга қамровини ошириш учун иш олиб боряпмиз. Биринчидан, инвестиция дастури асосида давлат боғчалари сонини кўпайтираётган бўлсак, иккинчидан, давлатимиз томонидан яратилган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчаларни очиш учун ташаббускор тадбиркорларимизни жалб этяпмиз. 2020 йил давомида қуввати 5 150 ўринли 55 та давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш режалаштирилган эди. Ўтган 10 ой давомида 38 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, чекка ҳудудларда болаларнинг қамровини оширишда қулай бўлган оилавий боғчалар сони ҳам йилдан-йилга ошмоқда.

Тадбирда таъкидланишича, вилоятда 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича белгиланган чора-тадбирларга асосан 88 та мактабгача таълим ташкилотларининг жорий таъмирлаш ишларига 7,4 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бугунги кунда таъмирлаш ишлари якунланган. Вилоятдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 115 тасида қўлбола (буржуйка) печлардан фойдаланиб келаётганлиги аниқланган бўлиб, уларнинг 52 таси замонавий иситиш тизимига ўтказилди. Қолган 63 та МТТлардаги буржуйка печларни замонавий иситиш тизимига ўтказиш ишлари жорий йилнинг 20 ноябрь кунига қадар тўлиқ якунлаш белгилаб олинди. Шунингдек, 718 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида фойдаланилаётган буржуйка печларининг 628 таси локал иситиш тизимига алмаштирилган, 83 таси билан “Битим”ни бекор қилиш бўйича таклифлар тайёрланган ва қолган 5 тасида алмаштириш ишлари давом этмоқда.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан тегишлича жавоб олишди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА,

Ҳусан ЭЛТОЕВ олган суратлар.