Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Боёвут тумани ҳокими лавозимига аёл киши тайинланди

Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, сенатор Дилфуза Уралова Боёвут туманига ҳоким бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Таъкидланишича, халқ депутатлари Боёвут тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси якунланган. Унда депутатлар вилоят ҳокимининг Ўлмасжон Мамадаминовнинг бошқа ишга ўтаётганлиги муносабати билан Боёвут тумани ҳокими лавозимидан озод этиш, шунингдек, Дилфуза Ураловани Боёвут тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарорлари муҳокама қилинган.

Дилфуза Уралова номзоди бир овоздан тасдиқланган.

Шундай қилиб, Дилфуза Уралова ҳозирги вақтда Ўзбекистондаги ягона аёл ҳокимга айланди.

Маълумот учун: Ўзбекистон тарихида аввал уч нафар аёл ҳоким бўлиб ишлаган.

1) Манзура Эгамова - 1993 йилдан 2005 йилгача, 12 йил давомида Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани ҳокими бўлган;

2) Шакаржон Хўжаниёзова - 1992-2000 йилларда, 8 йил давомида Хоразм вилояти, Боғот тумани ҳокими бўлган;

3) Раҳима Ҳакимова - Самарқанд вилояти, Самарқанд тумани ҳокими бўлган.