Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бу йил солиқ тизимида нима ўзгариш бўлди?

2019 йилда юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкаси 14 дан 12 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 5 дан 2 фоизга, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 дан 4 фоизга ва ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 дан 12 фоизга пасайтирилди.

Вилоят давлат солиқ бошқармасида “Солиқ ислоҳотлари – тадбиркорга мадад” мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида солиқ тизимидаги шу каби янгиликлар тўғрисида муълумотлар берилди.

Президентимизнинг 2019 йил 26 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 дан 15 фоизга туширилди. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг тижорат банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришнинг амалдаги тартиби бекор қилинди. Ҳозир вилоятимизда 75375 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда ва шу кунгача 9 314 та юридик корхона, 13 382 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти янгидан ташкил этилди ва 4700 та тўхтаб қолган субъектларнинг фаолияти тикланди.

- Солиқ, юки камайганда бюджетга тушум ҳам камаяди, деган гап нотўғри, - деди вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шодиёр Аҳмедов. – Биринчидан, солиқ юки камайганда солиқ тўловчи кўпаяди. Мисол учун, йил бошида вилоятимизда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар 619 та бўлган бўлса, солиқ соҳасидаги ислоҳотлар самарасида ҳозир уларнинг сони 6508 тага етди. Иккинчидан, солиқдан тежалган маблағ бевосита корхона ходимлари маошига, уларни ижтимоий ҳимоя қилишга, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга сарфланади. Демак, бу ташкилотларда ҳам солиқ ҳажми ортади.

Анжуманда таъкидландики, вилоят шаҳар ва туман давлат солиқ инспекцияларини замонавий кўринишга олиб келиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019 йил давомида Пахтачи ва Нуробод тумани давлат солиқ инспекциялари тўлиқ таъмирланган бўлса, Каттақўрғон ва Иштихон тумани давлат солиқ инспекциялари жорий таъмирланди.

2020 йилда Тойлоқ, Оқдарё, Пайариқ туманлари давлат солиқ инспекциялари биноси таъмирланиши, Жомбой ва Қўшработ тумани давлат солиқ инспекциялари учун янги бинолар қуриш режалаштирилган.

Шунингдек, бошқарма масъуллари солиқ соҳасидаги ўзгаришлар, тизимдаги янгиликлар ҳақида маълумотлар билан таништириб, журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Ҳусан Элтоев (ФОТО).