Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Булунғурлик ўқитувчи мактабда қўшмачилик билан шуғуллангани учун жазоланди

Жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани судининг 2019 йил 13 декабрь кунги ҳукмига кўра, Асадулла Эшназаров (исм ва фамилиялар шартли) Жиноят кодексининг 131-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 250 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланди.

Булунғур туманидаги мактабда 1992 йилдан буён чизмачилик фани ўқитувчиси вазифасида ишлаб келаётган Асадулла қайси айби учун бундай жазога лойиқ топилди? Воқеликни эшитиб ёқа ушлайсиз, ўқитувчи деган номга доғ туширган бу инсондан нафратланасиз, ҳолат шу даражага етиб боришига сабаб бўлган омиллар ҳақида ўйлай бошлайсиз.

Маълум бўлишича, Булунғур тумани ИИБга фуқаролар ариза билан мурожаат қилиб, А.Эшназаров мактабда ўқитувчи вазифасида ишлаб, мактаб биносида пул эвазига фуқароларга жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб бераётганлиги, бу ёшлар онгини заҳарлаб, уларнинг маънавиятига салбий таъсир қилаётганлиги сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мурожаатга асосан туман ИИБ ЖҚБ тезкор вакили тадбир режалаштириб, унга Санжар, Азиза ва Севараларни жалб қилган. Режага асосан Севара А.Эшназаровга қўнғироқ қилиб, танишлари учун мактаб биносидан жой қилиб беришини сўрайди. Хизмат ҳақи 100 минг сўм бўлишини ва кечки пайт 18:30 дан сўнг мактабга келишлари мумкинлигини айтади.

Тадбир иштирокчилари мактабга етиб келишганида, А.Эшназаров келишилган пулни олгач, Санжар ва Азизани бошланғич синфлар ўқийдиган хонага бошлаб киради. Асадулла Эшназаров мактаб қоровулхонасига қайтиб, Севарани кўнглини олмоқчи бўлганда, Булунғур тумани ИИБ ЖҚБ тезкор вакили томонидан қўлга олиниб, у олган ноқонуний пуллар ҳужжатлаштирилади.

Қўшмачилик ортидан пул ишлашни мақсад қилган ўқитувчига қилмиши учун жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани суди 250 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинлади.

Шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармасига барча мактаб директорлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ташкил этиб, мазкур турдаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабабини муҳокама қилиш, уларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбир кўриш ва муҳокама қилиш ҳақида ажрим чиқарди.

Х.КЕЛДИЯРОВА,

жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани суди судьяси.