Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Давлат меҳнат инспекцияси қонунбузарларни жавобгарликка тортмоқда

Пахта терими даврида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва теримчилар учун зарур бўлган шарт-шароитлар яратиш бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб борилаётганига қарамасдан, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда, шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячилари берган маълумотларда меҳнат қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар учраб турибди. Шунга мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси мазкур ҳолатларни ўрганиб, қонунбузарларни жавобгарликка тортмоқда.

Маълумотнома учун теримга даъват

Қорақалпоғистоннинг Тахиатош тумани Айдын жол МФЙ раиси Б.А. кам таъминланганлик ҳақидаги маълумотномани олиш учун келган фуқарога маълумотнома учун теримга чиқиш шартини қўйган. Ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганиш натижасида ҳақиқатан қонун бузилганлиги аниқланди ва маҳалла раиси Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми билан 6 690 000 сўм миқдорда жаримага тортилди.

Пахта терими учун ойлик маошидан пул тўлаётган ишчилар

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти “Cувоқава” давлат унитар корхонаси ишчиларидан пахта терими учун ойлик маошидан 500 минг сўм миқдорида маблағ ушлаб қолинаётгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Давлат меҳнат инспекцияси олиб борган ўрганишлар натижасида мазкур мурожаатлар тасдиғини топди. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти “Сувоқава” ДУК раҳбари С.Миржамаловга нисбатан МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми бўйича маъмурий жавобгарлик тайинланди.

Теримчилар учун етарли шароит яратмаган мутасаддилар

Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани мутасаддилари шу ҳудудда пахта йиғим-теримида иштирок этган фуқароларга етарли даражада шарт-шароит яратмаганлиги ва бу ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган текширувда ўз тасдиғини топгач, аниқланган камчиликлар юзасидан мутасаддиларга нисбатан МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми билан 2 230 000 сўмдан маъмурий жарималар қўлланилди.

Вазирликка келиб тушаётган мурожаатларнинг ҳаммаси ҳам тасдиғини топмаган

Хусусан, Наманган вилоятининг Поп туманида ўқитувчи ва шифокорлар пахта теримига мажбуран жалб этилаётгани тўғрисидаги мурожаат ўрганилганда бунинг асоссиз экани аниқланди. Вазирлик ўқитувчи ва шифокорларнинг теримда иштирок этганини инкор этмайди. Бироқ улар ўз хоҳишига кўра, қўшимча даромад топиш мақсадида теримга чиққан.

Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидаги “Агробанк”, “Халқ банки” ва давлат хизматлари маркази ходимларининг пахта теримига мажбурий жалб этилгани тўғрисидаги хабар ҳам ўз тасдиғини топмади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги агар Сизни пахта терими ёки бошқа бирор ишга мажбурлашса ёки шундай ҳолатга дуч келсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, dmi.mehnat.uz сайти ёки mehnathuquqbot телеграм ботига мурожаат қилишингизни сўрайди.