Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Депутат анкетаси: Муаммолар ечими депутатдан қатъият талаб қилади

1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?

Президентимизнинг 2020 йил 10 январдаги “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йилда Пайариқ туманида ҳам катта ўзгаришлар, янгиланишлар амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Мен халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган 20-Бирлашган сайлов округи ҳудудидаги Хўжа Исмоил маҳалласида Имом Ал-Бухорий зиёратгоҳига келувчи сайёҳлар учун замонавий меҳмонхона бунёд этилиши режалаштирилган. Ушбу қурилиш ишлари учун Халқ банки томонидан 1 миллиард сўм миқдорда кредит расмийлаштирилган. Бугунги кунда “Шоҳжаҳон Қаршиев” масъулияти чекланган жамияти томонидан бинонинг асосий қисми қуриб битказилган ва пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

2. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?

Жорий йилнинг ўтган даврида сайлов округи ҳудудида иш режам асосида тўй-ҳашамларни қисқартириш, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятига бағишланган ва Оила кодексига киритилган ўзгартириш ва бошқа масалалар юзасидан 10 дан ортиқ учрашувлар ўтказдим.

Сайловчилар билан сўнгги учрашувларим Олмазор, Халқобод, Эрназарқўрғон маҳаллаларида аҳолининг карантин талабларига риоя қилиши ҳақида бўлди. Шунингдек, ҳудудда аҳоли хонадонларига, озиқ-овқат дўконларига бориб, ҳақиқий вазиятни ўргандим. Ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар бериш баробарида айрим муаммоли масалаларга мутасаддилар эътиборини қаратиб, ўнлаб масалалар ҳал этилди.

 

3. Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.

Сайлов округи ҳудудига қарашли 17 та маҳалладаги 11 мингдан зиёд хонадонда 63 мингдан кўпроқ аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 913 та кўмакка муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилган. Вакиллик органидаги ноиб сифатида уларнинг турмушини тўкис қилиш, пандемия шароитида ҳар томонлама кўмаклашиш тадбирларини назоратга олганман.

Томойрот маҳалласининг Жиянбек қишлоғида яшовчи М.Чанонова саломатлигини тиклаш ҳамда оиласи учун моддий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Масала юзасидан Пайариқ тумани тиббиёт бирлашмаси ва туман ҳокимлигига депутатлик сўрови йўлладим. Натижада ҳомийлар тайинланиб, фуқарога соғлигини тиклаш учун зарур дори-дармон ва оиласи таъминоти учун озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Мадина ВАҲОБОВА,

20-Бирлашган сайлов округидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.