Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Энди ишончномаларни фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) тасдиқлайди

Пахтачи туманида туман адлия бўлими ташаббуси билан фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши билан ҳамкорликда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 апрелдаги “Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш юзасидан семинар ташкил этилди.

Семинарда тумандаги 59 та маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва котиблари иштирок этди. Тадбирда иштирокчиларга янги қабул қилинган қарор ҳужжатлари мазмун-моҳияти тушунтирилди.

- Тасдиқланган низомга кўра эндиликда ишончномалар фуқаролар йиғинларининг раиси (оқсоқоли) томонидан тасдиқланади, - дейди Пахтачи туман адлия бўлими бошлиғи Элбек Давронов. - Жумладан, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) берилаётган ишончномалар орқали хат-хабарларни, шу жумладан, пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек, банклардаги суммаларни олишга ишончномаларни тасдиқлаши мумкин.

Семинарда мавзу билан боғлиқ саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.

Ўлмас САЙДИНОВ.