“Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолиблари тақдирланди

Самарқандда “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан ўтказилган бу йилги танлов “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида ташкил этилди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов, ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи М.Ибодуллаев пандемия шароитида ҳам мазкур анъанавий танловга қизиқиш катта бўлганини қайд этиб, самарқандлик шоир ва ёзувчилар, журналист ва блогерлар, рассом, дизайнер ва фотографларнинг 200 га яқин ижодий ишлари телеграм канали орқали қабул қилиниб, муносиб баҳоланганини таъкидлади.
Барча ишлар нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, “Ёзувчи ва шоирларнинг энг яхши бадиий асарлари”, “Босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари”, “Оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган веб-сайтлардаги интернет-журналистика материаллари”, “Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари”, “Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари” ҳамда “Санъаткорларнинг юртни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари” номинациялари бўйича 18 нафар ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
– Саксон ёш остонасидаги ижодкорман, – дейди ёзувчи ва шоирларнинг энг яхши бадиий асарлари йўналиши ғолиби, публицист Нусрат Раҳмат. – Икки асрни, икки тузумни кўрдим. Ҳаёт давомида кўрган-кечирганларим асосида бир қатор асарлар яратдим. Мустақиллик туфайли жадид боболаримиз ҳаёти ва ижодини ўрганишга алоҳида эътибор, рағбат кўрсатилганидан руҳланиб, буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида “Жадид” номли роман ёзгандим. Ушбу асарим бугунги танловда эътироф этилганидан хурсандман. Инсон ўз ўтмишини, тарихини унутмаслиги керак. Бизнинг ўтмишимизда эса миллат ва Ватан учун жон фидо қилган маърифатпарвар боболаримизнинг муносиб ўрни бор.
Танлов ғолибларига ташкилий қўмита томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.