Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эрдўғаннинг адвокатлари Греция газетасини судга берди

Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг адвокатлари Туркия етакчисини ҳақоратловчи сарлавҳа жойлаштиргани учун Грециянинг “Демократия” газетасини судга берди. Бу ҳақда 21 сентябрь куни Yeni Safak нашри маълум қилди.

“Президентимизга нисбатан ишлатилган иборалар ахлоқсизнинг энг жирканч намойишидир”, дейилган судга топширилган аризада.

Грециядаги “Демократия” газетасининг 18 сентябрь кунги сонида Эрдўғанга йўлланган йирик ҳарфлар ва турк тилида ёзилган ҳақоратли иборалар чоп этилди. Турк тилини тушунмайдиган ўқувчилар учун инглиз тилидаги изоҳловчи таржима ҳам қўшимча қилинди.

Жума куни ҳақоратли сарлавҳа сабабли Туркия ташқи ишлар вазирлигига Грециянинг Анқарадаги махсус ва мухтор элчиси Михаил-Христос Деамессис чақиртирилди. Элчи ҳақоратни сўз эркинлиги билан оқлаб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Греция ҳукуматининг расмий вакили Стелиос Петас сарлавҳани қатъий танқид қилди. У ҳақоратли иборалар юнон жамияти қадриятларига зид эканлигини таъкидлади.