Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эркинжон Турдимов билан ишлаш осонми?

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Манучеҳр Мирзаев шу ва бошқа саволларимизга жавоб берди.

– Эркинжон Турдимовнинг матбуот котиби сифатида икки йилдан буён ишлаётган бўлсам-да, ўтган йил ҳокимликларда ахборот хизматлари фаолияти расман йўлга қўйилгач, бу вазифани бажариб келяпман, – дейди М.Мирзаев. – Яхши биласиз, вилоятимиз ҳокими оммавий ахборот воситаларига анча яқин, журналист ва блогерлар билан ҳам тез-тез учрашиб ёки ижтимоий тармоқлар орқали фикрлашиб туради. Республикамиздаги ва хорижий интернет нашрлар, ижтимоий тармоқларни доим кузатиб боради. Демоқчиманки, ахборот хизмати қандай ишлаши кераклигини яхши билади ва шу боис талаби жуда кучли. Баъзида Самарқанд вилояти билан боғлиқ, бизнинг эътиборимиздан четдан қолган хабар ёки мақолаларни ҳам кўриб, биздан фикр, муносабат сўрайди. Шунинг учун бир лаҳза бўлсин, ахборот хизматига масъул эканлигимни унутмайман.

Бундан ташқари, ҳар куни жойларда ўтказиладиган учрашувлар, аҳоли билан мулоқотлар ва бошқа турли тадбирлар ҳақида шу куннинг ўзида ахборот беришимизни талаб қилади. Бу ишни албатта, бир ўзим бажаришим мураккаб, катта бир ижодий гуруҳ ишлаймиз. Бир йил давомида ахборот хизмати ижодий гуруҳини шакллантиришга ҳаракат қилдик. Буни Эркинжон Оқбўтаевичнинг ўзи қўллаб-қувватлади. Зарур техника ва воситалар харид қилдик. Хуллас, ишлаш учун барча шароит яратилган, бу борада муаммо йўқ. Шунингдек, вилоят телевидениеси, газеталар таҳририятлари, самарқандлик журналист ва блогерлар, интернет сайтлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатганмиз.

Агар зиммангизга юклатилган вазифани астойдил бажарсангиз, ҳеч бўлмаганда шунга интилсангиз, Э.Турдимов билаш ишлаш қийин эмас.

– Самарқандда журналист ва блогерлар республикамизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан анча фаол. Кейинги пайтда ахборот хизматлари ҳам анча жонланди. Бундай шароитда вилоят ҳокимлиги ахборот хизматига раҳбарлик қилишнинг ўзига яраша мураккабликлари бўлса керак...

– Тўғри айтасиз. Бугун вилоятимиздаги 65 ташкилотда, 16 туман ва шаҳар ҳокимликларида ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилган. Ўнлаб телеграм каналлар, интернет сайтлар бор. Блогерлар ҳам шунга яраша, жуда кўп. Бундай вазиятда биринчи манбаа сифатида вилоят ҳокимлиги, вилоят ҳокими фаолияти билан боғлиқ ахборотларни тезкор, аниқ, кези келганда, қисқа, баъзан батафсил бериш масъулияти кучли. Ҳозирча, бир-биримизни тушуниб, тўлидириб ишлаяпмиз. Бугунги шароит шундай – ҳар ким ахборотни, янгиликни биринчи берсам, биринчи манбаа бўлсам, дейди. Ахборот хизматлари билан ана шундай ижодий рақобат асосида ишлаяпмиз.

– Бугун давлат ҳокимияти органларининг, раҳбарларнинг барчаси ҳам матбуот учун очиқ ишлашни қабул қилиши қийин кечаётгани сир эмас. Сизда ҳам вилоят ҳокими ўринбосарлари ёки вилоятдаги бошқарма ва идоралардан маълумот олиб, тарқатиш билан боғлиқ муаммолар бордир...

– Фаолиятимизнинг дастлабки пайтларида бундай ҳолатлар учраб турарди. Лекин ҳозир ҳаммаси изга тушган. Бу масалада ҳам кўп нарса вилоятнинг биринчи раҳбарига боғлиқ, деб ўйлайман. Вилоятимиз ҳокими иш фаолиятида матбуот учун очиқ, ҳокимлик фаолияти билан боғлиқ ҳар бир янгилик ва ўзгаришни оммага ошкор этишни талаб қилади. Ўринбосарлар ва бошқа ташкилотлар ҳам ана шу мезон асосида ишлашга ҳаракат қиляпти.

Яхши биласиз, вилоятимиз ҳокими икки йил олдин Самарқандда иш бошлаганида ўзи ва ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, бошқарма ва идоралар раҳбарларининг вилоят телевдениеси орқали тўғридан-тўғри эфирда аҳоли билан мулоқот қилиши, фаолияти юзасидан ахборот бериш тизимини йўлга қўйган эди. Ҳар ҳафтанинг белгиланган кунида бу кўрсатув давом этяпти. Бугун вилоятимизда ҳокимлар ва бошқа секторлар раҳбарлари, бошқарма ва идоралар масъуллари ОАВ билан ишлашни пухта ўзлаштирган, интервью беришни, муносабат билдиришни яхши билишади.

– Фаолиятингиз давомида ахборот хуружи, ёлғон информация тарқалиши кузатилдими? Қандай йўл тутдингиз?

– Бугун бундай ҳолат ҳар бир ахборот хизмати билан содир бўлмоқда, десам хато бўлмайди. Чунки бугун ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар кўпайди, блогерлар сони ҳам кун сайин ортмоқда. Лекин уларнинг орасида нотўғри ахборот тарқатаётганлар, ёлғон шов-шув билан обрў орттирмоқчи бўлганлар ҳам афсуски, учраб турибди. Уларнинг бу хатти-ҳаракатларига нисбатан ҳақиқий вазиятни баён этиш орқали жавоб беряпмиз.

Бундан ташқари, айрим муаммоли, мунозарали масалаларни муҳокама қилиш учун журналист ва блогерлар билан ҳамкорлик ўрнатганмиз. Ўзаро ҳамкорлик эса яхши натижа беряпти.

Ғолиб ҲАСАНОВ суҳбатлашди.