Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эртаклар орқали боланинг хотираси, диққат-эътибори шаклланади

Доно халқимиз “Эртаклар-яхшиликлар етаклар”, деб бежиз айтишмаган. Эртаклар болаларнинг онги ва қалбига эзгу фазилатларни жо қилишда, уларнинг маънавий оламини бойитишда муҳим аҳамият касб этади. Улар ёрдамида болаларнинг хотираси, диққат-эътибори, тафаккури ривожланади. Эртакларни тинглаш тил ва нутқнинг тараққий этишини белгилаб берадиган асосий омиллардан бири ҳисобланади. Боладаги айрим нутқий камчиликларни ҳикоя ва эртаклар эшитиш, шеър  ёдлатиш, шунингдек сўзларни тўғри талаффуз қилдириш ва турли хил машқлар бажариш орқали бартараф этиш мумкин.

Эртак мазмуни асосида болаларда эзгу хислатларни тарбиялаш, инсоний фазилатларни тарғиб этиш, улар ўртасида ўзаро дўстона муносабатларни шакллантириш ва мустақил фикрлашга ўргатиш керак.

Жумладан, ҳайвонлар ҳақидаги “Тулкининг тақсимоти” эртагида айёрлик ва тилёғламалик тулки образи орқали ифодаланган. “Уч оға-ини ботирлар” эртаги ота насиҳати билан бошланади. Ботирлар образида ахлоқ ва одобнинг юксак намунаси одамийлик, донишмандлик, жасурлик каби сифатлар намоён бўлади.

Тарбиячи томонидан эртак ўқиб бўлингач, болаларни умумий хулоса чиқаришга ундаш лозим.  “Агар сен унинг ўрнида бўлганингда нима қилган бўлар эдинг?”,  каби саволлар бериб, эркин мулоқотга чақириш уларнинг фаоллигини оширишга ёрдам беради.

Ҳар бир эртакнинг ўз ғояси бор. “Сеҳрли шолғом” эртаги болаларни фикрлашга, воқеаларни кетма-кет айтишга ундаб, “Куч бирликда” деган ғояни англаб етишини таъминласа, “Зумрад ва Қиммат” эртагида Зумраднинг меҳнатсеварлиги улуғланади. Қиммат эса дангаса, ишёқмас сифатида гавдаланади. Болалар эртакни тинглаш орқали қиссадан ҳисса чиқаришга ўргатилади.

Шунингдек, эртакларни маҳорат билан болаларга ўқиб бериш, кичкинтой билан ҳис-ҳаяжонли мулоқотни ўрнатишга, сездирмай тарбиявий таъсир қилишга, атроф-муҳит ҳақидаги билими ва маълумот захираларини самарали тўлдиришга имкон яратади.

Мактабгача таълим муассасаларида эртакларни болаларга етказишда янги педагогик технология асосида болаларнинг сўз бойлигини оширишга, уларнинг нутқини ўстириш, тафаккури ва маънавиятини ривожлантиришга қаратиш муҳим аҳамият касб этади.

 Бахтигул АСРОРОВА,

туман мактабгача таълим бўлими мудири.