Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фан олимпиадаси ўтказилаётган ҳудудларга кузатув камералари ўрнатилди

Бугун Самарқанд вилоятидаги умумий ўрта таълим мактабларида 3 минг 500 нафардан ортиқ 9-синф ўқувчилари ўртасида фан олимпиадалари бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар бергандик.

Тойлоқ туманидаги 60-умумий ўрта таълим мактабида ҳам фан олимпиадаларининг туман босқичи бўлиб ўтмоқда. Унда тумандаги умумий ўрта таълим мактабларидан 270 нафар 9-синф ўқувчилари 18 та фан бўйича ўзаро куч синашмоқда.

Жойларда бўлиб ўтаётган фан олимпиадаларини адолатли ўтказиш мақсадида имтиҳон бўлаётган синфхоналар, заллар кузатув камералари билан жиҳозланди. Ота-оналар эса ташқарида ўрнатилган монитор орқали ўз фарзандини қандай имтиҳон топшираётганини бевосита кўриб туриши мумкин.

Бу йилги фан олимпиадаларининг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда иштирок этаётган ҳакамлар ҳайъати бир ҳафта олдин имтиҳондан ўтказилиб, саралаб олинган фан ўқитувчиларидир. Саралаш жараёнида вилоят бўйича 3 минг 400 нафар ўқитувчи қатнашиб, улардан 1200 нафари, яъни 75-100 балл тўплаган билимдон, фаол, зукко фан ўқитувчилари танлаб олинди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.