Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фарғона водийсида аскаридоз ва трихоцефалёз, Хоразм ва Қорақалпоғистонда тениаринхоз касалликлари кенг тарқалган

Самарқанд шаҳридаги Л.Исаев номли тиббий паразитология илмий-текшириш институти клиникасида республикамизда учрайдиган паразитар касалликларни замонавий ташхислаш ва уларни олдини олиш усуллари мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Санкт-Петербургдан ташриф буюрган профессор, паразитолог олим В.Турицын (Россия) ва клиника бош врачи Л.Махмудоваларнинг Ўзбекистонда кенг тарқалган гельминтозлар, полимераз занжир реакциясининг паразитологияда қўлланилиши, паразитар касалликларни ташхис қилишда замонавий ёндашув каби мавзуларидаги маърузалари тингланди.

- Бутунжаҳон соғликни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бугунги кунда дунёда ичак гельминтозлари билан 1.4 миллиард киши касалланган, - дейди россиялик тажрибали олим. - Улар нафақат инсон саломатлиги, балки, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳам беҳисоб зиён келтиради. Жумладан, юртингизда Фарғона водийсида аскаридоз ва трихоцефалёз ўчоқлари, Хоразм ва Қорақалпоғистонда тениаринхоз касалликлари кенг тарқалган. Мазкур семинарнинг ўтказилиши аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, она ва бола, ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилишда катта ҳисса бўлади.

Вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг паразитолог-мутахассислари иштирок этган тадбирда, паразитар касалликларни аниқлаш усуллари бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Дилмурод Тўхтаев.