Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фарғонада танасидан 16 дона игна топилган бола тақдири нима бўлди?..

2018 йилда Фарғона вилояти, Тошлоқ туманидан бўлган 11 ойлик чақалоқнинг танасидан 16 дона игна топилгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда кенг ёритилган эди.

Бир неча жарроҳлик амалиёти билан унинг ҳаёти сақлаб қолинди ва бугунги кунда у мустақил ҳаракатлана бошлади, деб ёзмоқда ЎзА.

– Бугун, 11 февраль фарзандимиз Азизбекнинг туғилган куни, у уч ёшга тўлди, – дейди дадаси Азимжон Худайбердиев. – Ўғлимизнинг ҳаёти учун курашган шифокорлардан жуда ҳам миннатдормиз. Инжиқликлари камайди, юришга ҳаракат қиляпти. Ўғлимнинг танасида игна борлигини Россияда эшитдим. Шу куни Тошкентга келиб, операцияда ёнида бўлдим.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида малакали шифокорлар томонидан чақалоқ Азизбек Абдумажидов операция қилинди ва танасидан 13 та игна чиқариб олинди. Айни пайтда бола танасида 3 та игна унинг ҳаётига хавф солмайдиган жойларда турибди. Тиббий таҳлилларга кўра, ҳозирча ушбу игналарнинг бола соғлиғига салбий таъсири йўқ. Агар у болани безовта қилса, келгусида операция йўли билан олиб ташлаш мумкин.

Шунча игна унинг танасига қандай кириб қолган? Бу борада ҳам турли баҳслар бор. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, бу қасддан қилинмаганлиги, жиноят аломати топилмаганлиги маълум бўлди. Эҳтиётсизлик оқибатида игналарни чақалоқнинг ўзи ютган. Бу борада ота-онасининг фикрини билмоқчи бўлганимизда бу борадаги аниқ бирор нарса айтолмаслигини билдирди.

Айни кунларда боланинг соғлигини шифокорлар назорат қилиб бормоқда. Онаси Шоҳсанам доимо у билан бирга, Азизбекнинг қувончини кўриб, бошдан кечирган ташвишли кунлари ортда қолганига шукроналар айтади.