Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фахрий журналист ижоди, меҳнати ёшларга ибрат

Самарқанд туманида журналист ва шоир Нормурод Каримов таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан ижодий кеча ташкил этилди.

Туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, вилоят тожик ва тожикзабон миллий маданий маркази ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда фахрий ижодкорнинг дўстлари, яқинлари, шогирдлари қатнашди.

Тадбирда Самарқанд туман ҳокими Н.Мавлонов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Ф.Тошев, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи М.Ибодуллаевлар фахрий журналистнинг заҳматли ижоди, фидокорона меҳнати билан ҳамкасбларига ибрат бўлаётгани, Нормурод Меҳрангиз тахаллуси билан ёзган мақолалари, китоблари орқали муштарийлар сони йилдан йилга ошаётганини таъкидлади.

Шунингдек, устоз журналистнинг ҳозирда жамият ижтимоий-маънавий ҳаётида иштирок этиб, жойларда рўй бераётган улкан ўзгаришлар, бунёдкор халқимиз меҳнати, жасорати, миллатлараро тотувликни тарғиб этишдаги, уларни матбуотда ёритишдаги фаолияти ибратли экани эътироф этилди.

Тадбир давомида Турон фанлар академияси фахрий аъзоси Нормурод Каримзода академик бўлгани эълон қилинди ва махсус медаль ҳамда диплом топширилди.

Шунингдек, муаллифнинг яқинда чоп этилган "Ошиқий зиндагй" (“Ҳаёт ошиғи”) китоби тадбир иштирокчиларига тарқатилди.

Ҳусан Элтоев.