Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фестиваль доирасида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда

Кеча "Регистон плаза" меҳмонхонасида “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.

Унда Шарқ мусиқасининг шаклланиши ва ривожланиши билан боғлиқ долзарб муаммоларни, шунингдек, Шарқ халқларининг бебаҳо маданиятини асраб-авайлаш ва келгуси авлодга етказиш масалаларини муҳокама қилиш учун этномусиқашунослик соҳаси мутахассислари, Шарқ мусиқаси тадқиқотчилари тўпланди.

Конференциянинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев иштирок этиб, анжуман ишига муваффақият тилади.

-  Бу каби илмий-амалий конференциялар, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали доирасида 1997 йилдан бери ўтказиб келинади, - дейди профессор Рустамбек Абдуллаев. - Фестиваль нуфузи ортиб бораётгани билан бир қаторда, унинг доирасидаги илмий-амалий  конференция географияси ҳам кенгайиб бормоқда. Анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Корея, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Эрон, Афғонистон, Франция, Норвегия, Молдовия ва бошқа давлатлардан келган 30 нафарга яқин олимлар иштирок этаётгани аҳамиятлидир. Икки кун давом этадиган анжуманда америкалик машҳур тадқиқотчилар Дэвид Хеберт ва Жонатан Макколум, ҳиндистонлик Шабир Аҳмад, Буюк Британиядан келган юртдошимиз Разия Султанова ва бошқаларнинг тақдимотлари билан танишиш имкониятига эга бўламиз.

Кеча анжуманнинг “Тарих ва мерос” деб номланган биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Конференция бугун ўз ишини давом эттиради.

Тўлқин Сиддиқов.