Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Газсўрғичларни бартараф этиш бўйича назорат ўрнатилди

Шу йил 11 январь куни zarnews.uz сайтида эълон қилинган Пайариқ тумани Хоса қишлоғида яшовчи 70 ёшли Раҳматилла Қоржововнинг мурожаати юзасидан ”Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали жавоб йўллади.

Унда қуйидагилар маълум қилинган:

“Хоса қишлоғи табиий газ тармоқларидан узоқда жойлашганлиги, газ етказиб беришнинг техник имконияти йўқлиги сабабли 2014 йилда суюлтирилган газга мослаштирилган. Ҳудуд аҳолисининг бир қатор юқори ташкилотларга кетма-кет мурожаатларидан сўнг 2019 йилда 40 та хонадон қўшни қишлоқдаги газ тақсимлаш шохобчасидаги табиий газ тармоғига уланган.

 “Payariqtumangaz” бўлимининг маълум қилишича, Хоса қишлоғида яшовчи табиий газ тармоғига уланган 40 та хонадон ҳам 2021 йил 17 январь куни суюлтирилган газ билан таъминланган.

Илгари хабар қилинганидек, газ тармоқларининг сўнгги нуқталарида табиий газ босимининг пасайишига аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан ўрнатилган газсўрғичлар ҳам сабаб бўлмоқда. Айни пайтда “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали, вилоят ИИБ, фавқулодда вазиятлар, ёнғин хавфсизлиги бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда ҳудудда рейд-текширувлари ўтказилмоқда. Мақолада маҳалладаги мавжуд газсўрғичлар бўйича қилинган мурожаат назоратга олинди.

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ахборот хизмати.

Таҳририятдан: Мурожаатда Р.Қоржовов 2020 йил ноябрь ойида туман газ идораси ходимлари томонидан 1000 метр/куб газ истеъмоли учун пул терилгани, аммо истеъмол учун газнинг ҳиди ҳам йўқлиги, мактабдаги газсўрғич туфайли хонадонларга табиий газ етиб бормаётганлигини ёзган. Аммо юқорида берилган жавоб хатида бу саволларга жавоб йўқ…