Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳабиб Нурмагомедов: Спортчи бўлмаганимда, эҳтимол помидор сотувчиси бўлардим

Кеча, 21 ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ММА бўйича Тошкент шаҳри мезбонлик қиладиган GFC 20 мусобақасининг фахрий меҳмони Ҳабиб Нурмагомедов билан талабалар учрашуви бўлиб ўтди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, учрашув давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан чемпионга мурожаат қилдилар.

Илм олишда нималарга эътибор бериш керак?

- Нафақат илм олишда балки, ахборот алмашишда ҳам унинг манбасини аниқлаштириш лозим. Бу нимага керак? Энг аввало, ўзингизга керак бўлмаган ахборотларга вақтингизни сарфламайсиз. Иккинчидан, мукаммал билимга эга бўласиз. Сизга бир мисол келтираман. Буюк ватандошингиз Имом ал-Бухорий ҳадислар тўплашда ва уни саралашда амалга оширган ишларига назар солинг. Ҳар бир ҳадисни охирги манбасигача текширишга бел боғлаган. Ҳозир кўриб турибсизки, буюк алломанинг меҳнати қанчалик улуғвор.

Қайси китобни севиб ўқигансиз?

- Оскар Эгернинг “Дунё мамлакатлари ва халқларининг умумбашарий тарихи” асарини ўқиш менга ёқимли. Унда барча халқларнинг тарихи, маданияти, тили, аҳолиси ҳақида маълумотлар билан танишиш мумкин.

Спортчи бўлмаганингизда қайси касбни танлардингиз?

- Спортчи бўлмаганимда балким помидор сотувчиси ёки уни етиштирувчи бўлардим (залда кулгу). Қандай касб эгаллашимдан қатъи назар меҳнат қилишдан тўхтамасдим. Спортда эришган ютуқларим ҳам машаққатли меҳнат натижаси, деб ҳисоблайман. Инсон меҳнат қилишдан қочмаслиги, ўз устида ишлашдан чекинмаслиги керак.

Орзуингиз ва келажакдаги режаларингиз...

Олдимга қўйган мақсадларим кўп. Лекин орзулар маррага яқинлашганинг сайин ўзгариб борар экан. Шулардан бири ўз мактабимни яратиш. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам ўз спорт йўналишимда мактаб ташкил қилиш ниятим ҳам йўқ эмас.

Тадбир сўнггида Ҳабиб Нурмагомедов энг яхши савол эгаларига эсдалик совғалари топширди.

ТДИУ ректори Конгратбай Шарипов ва Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали ректори Қаландар Абдураҳмонов Ҳабиб Нурмагомедовга ташриф учун ташаккур изҳор қилиб, эсдалик совғалари тақдим этди.