Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳоким ўринбосарлари фаолияти натижадорлик асосида баҳоланмоқда

Бугунги кунда дунёнинг энг ривожланган давлатларида давлат хизматчилари фаолиятини баҳолашда турли шакллардаги инновацион усуллардан фойдаланилади. 1960 – 1970 йилларда Европа даватларида ҳамда АҚШда “мақсадлар бўйича бошқариш” услуби – Management by Objectives жуда оммалашган тизимга айланган эди. 1980 йилга келиб мақсадлар бўйича бошқаришдан натижавийликка интилиш тенденцияси кучайиб, рerformance management, яъни “натижавийликни бошқариш” ёки KPI тизими яратилди.

“Harvard Business Review” ташкилоти томонидан мингдан ортиқ компания ходимлари ва раҳбарлари иштирокида уларни натижавийлигини аниқлаш ва рағбатлантиришни самарали усулларини ўрганиш бўйича ўтказган тадқиқотлари натижасига кўра, ташкилот ходимларининг 5 фоизи доимо яхши ишлашини, 5-7 фоизи доимо ёмон ишлашини, қолган 88 фоизини самарали ишлаши учун доимо тўғри мақсадларни ўрнатиш ва уларни бажарилишини назорат қилиш билан уларни яхши ишлашига сабаб бўлишини кўрсатиб берди.  

Ҳозирги кунда Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо
31 давлат томонидан давлат хизматчилари самарадорлигини баҳолашда  энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари тизими жорий этилган.

Бу борада юртимизда ҳам бир қатор ижобий ишлар тизимли асосда амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан республикамизнинг 11 туман ва шаҳар ҳокимликларида ҳоким ўринбосарлари фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими расман эксперимент тарзда жорий этилиб, синовдан ўтказилмоқда.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Самарқанд вилояти филиали томонидан ҳам вилоятдаги барча туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлар асосида баҳолаш йўлга қўйилди.

Бу борда олиб борилган дастлабки эксперимент жараёнида туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари фаолияти 88 вазифа ва 167 кўрсаткич бўйича баҳоланди.

Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, ўринбосарларга юклатилган вазифалар салмоғи шунчалик кўпки, бу топшириқлар ижросини ўз вақтида реал таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Тизимли тарзда ўтказилган эксперимент натижасида туман (шаҳар) ҳоким ўринбосарлари фаолияти 88 вазифадан 59 тага ва 167 кўрсаткичдан 75 тага камайтирилган ҳолда баҳоланиши йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда туман (шаҳар) ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари фаолияти 10 та вазифа ва 11 та кўрсаткичлар асосида баҳоланмоқда.

Жумладан, ўрнатилган прогнозга асосан республика бюджетига (контингент) ва маҳаллий бюджетга прогноз тушумини таъминлаш учун
15 баллдан 30 баллгача баҳоланиши мезони ўрнатилган.

Бундан ташқари,  туман (шаҳар) ҳокимларининг қолган ўринбосарлари фаолияти ҳам бир қатор вазифа ва кўрсаткичлар асосида баҳоланиб келинмоқда.

  • саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари фаолияти 12 вазифа ва 14 кўрсаткичлар бўйича;
  • ҳоким ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи фаолияти 6 вазифа ва 6 кўрсаткичлар бўйича;
  • қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосар фаолияти 13 вазифа ва 21 кўрсаткич бўйича;
  • ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосар фаолияти 8 та вазифа ва 11 та кўрсаткич бўйича;
  • ҳоким ўринбосари - маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи фаолияти 10 вазифа ва 12 кўрсаткич бўйича баҳоланиб келинмоқда.

Шу аснода туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари фаолиятида индивидуал эришилган даражасига қараб, “намунали”, “аъло”, “яхши”, “қониқарли”, “паст даражада”, “қониқарсиз” даражадаги баҳолар билан қайд этиб борилади.

Ушбу тизим туман (шаҳар) ҳоким ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш орқали туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда вилоят ҳокимининг тегишли соҳалар бўйича ўринбосарлари фаолиятига ҳам баҳо бериш мумкин бўлади. Шунингдек, давлат хизматчиларини лавозим бўйича ўстириш, моддий рағбатлантириш ҳамда муддатидан олдин мартаба даражаларини бериш адолатли баҳолаш тизимига асосланган ҳолда амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.

Ш.АЗИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентилиги Самарқанд вилоят филиали бош инспектори.