Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳужжатлар аввало давлат тилида ёзилиши керак

Инсоният тарихининг мукаммал яратилиши, аждодлар яратган маънавий, илмий, маърифий бойликларнинг авлодлардан авлодларга ўтиши ёзувнинг ихтиро қилиниши билан боғлиқ. Туркий халқлар ижоди қилган турк-рун ва уйғур ҳамда узоқ тарихда истеъмолда бўлган бошқа кўплаб ёзувлар туфайли энг қадимги замонлардан бошлаб ота-боболаримизнинг яқин-йироқ мамлакатлар билан ўзаро турли-туман муносабатларини акс эттирувчи ёзишмалар, йилномалар, ҳужжатлар, яратилган минг-минглаб бадиий, илмий, тарихий, маърифий асарлар етиб келган.

Тарихда милоддан аввалги 1792-1750 йилларда Бобилда подшоҳлик қилган Ҳаммурапи, милоддан аввалги 2112-2094-йилларда ҳукмронлик қилган Ур-Наммуларнинг ”Қонунлар мажмуи” энг қадимги ва нодир ҳужжатлар саналади. Ҳужжатчилик борасидаги бу анъана турк ҳоқонларининг “Қонуннома”сида ҳам давом эттирилган бўлиб, унда Буюк турк ҳоқонлигининг давлатни идора қилиш тартиб-қоидалари, турли мансаб эгаларининг вазифалари, солиқ солиш ва уни тўплаш тартиби, ҳарбий юришлар ўтказиш, қўзғолонларни бостириш қоидалари баён этилган. Хондамирнинг “Қонуни Ҳумоюн”, Рўзбехонинг “Сулук ал-мулук” каби ноёб тарихий манбалар ҳам туркий халқлар тарихида ҳужжатчилик анъаналари жуда қадимги даврларда бошланганлигидан далолат беради. Қайд этиб ўтилган тарихий манбалардан ташқари, ҳоқонликлар, шоҳликлар, хонликлар, амирлик ва бекликларда юритилган фармонлар, битимлар, арзномалар, ёрлиқ, тилхат, қарзнома, гувоҳнома каби кўплаб ҳужжатларнинг турли-туман ёзувларда тайёрланган ноёб нусхалари, намуналари ҳам бизгача етиб келган.

Бизгача етиб келган ҳужжатлар ичида энг муҳими ва бутун дунёга тарқалиб, шоҳлар ва саркардалар, давлат арбоблари учун дастуриламал вазифасини ўтаб келган ноёб манба буюк бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари”дир. Тузуклар ўрта асрлар давлатчилигининг асосий қонуни сифатида машҳур бўлиб, унда давлатни идора қилишда кимларга таяниш, тож-у тахт эгаларининг тутуми ва вазифалари, вазир ва қўшин бошлиқларини сайлаш, сипоҳийларнинг маоши, бож ва солиқ тўлаш тартиб-қоидалари, мамлакатларни бошқариш тартиби, давлат арбоблари ва қўшин бошлиқларининг бурч ва вазифалари, вазирлар ва бошқа мансабдорларнинг тож-у тахт олдида кўрсатган алоҳида хизматларини қай тарзда тақдирлаш тартиби ва бошқа шу каби муҳим қоидалар ўз  ифодасини топган. Шунингдек, ўша давр ҳуқуқни назорат ва муҳофаза этувчи мутасаддилар – қозилар томонидан тасдиқланган мерос мулкни тақсимлаш, болаларни ҳунар ўрганиш учун шогирдликка бериш, корхоналар, савдо дўконлари, ер-сув ҳамда уй-жой, мол-мулкни сотиш, сотиб олиш ёки ижарага бериш, қуллар меҳнатидан фойдаланиш ёки уларни озод этиш, оила, никоҳ, талоқ, сулҳ каби қатор ҳуқуқий муносабатлар аксини топган васиқалар тўпламлари ҳам фикримизни асослайди.

Ҳазрат соҳибқирон Амир Темур ва унинг авлодлари томонидан бошқарилган юртларда давлат ишлари туркий (ўзбек) тилда юритилган. Бобурнинг “Бобурнома” асари бундан яққол гувоҳлик беради.

Бу ўринда, айниқса, султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги даврида алоҳида эътибор билан қаралганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Уларнинг бу анъаналари кейинги асрларда Бухоро, Қўқон, Хива хонликлари томонидан давом эттирилди.

Афсуски, бу жараён чор Россиясининг Марказий Осиёни босиб олиши билан тўхтаб қолди, анъаналар унутилди. Ҳужжатчилик таназзулга учради. Мамлакатнинг бошқарув-назорат органларида барча ҳужжатлар рус тилида юритишга ўтказилди.

 Тарихда буюк октябрь инқилоби дея номланган 1917 йилги давлат тўнтариши ҳам бу соҳада жиддий бир ўзгаришлар бўлишига олиб келмади. 1924 йилга келиб собиқ шўролар давлати таркибида Ўзбекистон Республикаси деб номланган янги давлат ташкил топди. Ўша йилнинг 31 декабрида Ўзбекистон Республикаси инқилобий қўмитаси “Ишларни ўзбек тилида юргизиш ҳамда Ўзбекистон жумҳуриятининг инқилобий комитети ҳузурида марказий ерлаштириш ҳайъати ва маҳаллаларда музофот ерлаштириш ҳайъатлари тузилиши тўғрисида” 48-рақамли қарор қабул қилди. Унда ҳукумат, кооператив, хўжалик идоралари, муассаса, ташкилот ва корхоналарда бутун ёзув ишларини фақат ўзбек тилида юритишга мажбур этиш вазифаси қўйилган эди.

Орадан тўрт йил ўтиб, 1928 йилда “Давлат идораларини ўзбеклаштириш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасида идора, корхона ва ташкилотлари ишчи ходимларини ўзбек тилига мажбурий ўргатиш тўғрисида” иккита тарихий қарор қабул қилинади. Уларда давлат идораларини ўзбеклаштириш Марказий комиссиясига идораларда иш юритиш ҳужжатларини маҳаллий ва рус тилига ўтказиш, идораларни аста-секин икки тилни биладиган ходимлар билан тўлдириш, ўзбек тилини ўрганиш учун бир, икки, уч йиллик тўгараклар ташкил этиш вазифаси қўйилган эди. Идора ва муассасаларга 1929 йил 1октябрдан бошлаб ўзбек тилини билмайдиган ходимларни ишга олмаслик, ўзбек тилини менсимаган ёки унга нисбатан ғайри муносабатда бўладиганларни ўзбек тилини биладиган ходимлар билан алмаштириш ҳуқуқи берилган эди. 1931 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси ва Халқ Комиссарлари Совети томонидан идораларни ўзбеклаштириш тўғрисида яна бир қарор қабул қилиниб, унда 1933 йил 1 апрелгача бутун Ўзбекистон бўйлаб ўта муҳим бу ишни тугаллаш белгиланган эди...

Минг афсуски, ўтган аср бошларида қисқа муддат ичида кетма-кет қабул қилинган бу ҳужжатларнинг бирортаси ҳам ҳаётга татбиқ этилмасдан қоғозларда қолиб кетди. Мамлакатда нафақат зиёлилар, балки озгина мустақил фикрлаб, мушоҳада юрита оладиган косиблар, деҳқонлар-у ишчиларга ҳам қарши қаратилиб, такрор-такрор ўтказилган қатағон қирғинлари, машъум Иккинчи жаҳон уруши, миллионлаб бегуноҳ инсонлар ёстиғини қуритган шахсга сиғиниш даври, талон-тарожликлар авжига чиққан турғунлик йиллари собиқ шўролар давлати таркибида бўлиб, номигагина тенг ҳуқуқли ҳисобланган миллий республикаларнинг тилларига, шу жумладан, ўзбек тилига ҳам бўлган ўгай муносабатни, фақат ва фақат, мустаҳкамлаб келди, холос.

 Ҳужжатларнинг фақат рус тилида юритилиши, бир асрдан ортиқ ҳукм сурган мустамлакачилик муносабатлари ва маҳаллий тилларга ўтказилган таъқиқ-тазийқлар натижасида асрлар давомида шаклланган иш юритиш ва ҳужжатчилик соҳасида катта узилиш юз бериб, минг йиллик анъаналар давом этмай қолди. Энг ачинарлиси, ўзбек тили ўз номи билан аталадиган давлатда иш юритиш қуроли бўлиш ўрнига бир чеккага суриб қўйилди. У ночор бир ҳолда оила, кўча ва бозор тилига айланиб қолди. Рус тилини билиш байналмилаллик белгиси саналгани ҳолда ўзбек тилини билиш, унда гапиришни талаб этиш миллатчилик деб ҳисобланадиган даражага етдик. Натижада нафақат оғзаки нутқимизда, ҳатто адабий тилимизда муқобили бор бўлган справка, акт, протокол, инструксия, договор, автобиография, заявление, отчот, рапорт, характеристика, план, рекомендация, рецензия каби иш юритиш, ҳужжатчиликка оид кўплаб русча атамаларнинг қўлланиши ижобий ҳодиса сифатида рағбатлантирилди, кундалик одатий ҳолга айланди ва айтиш мумкинки, ҳозиргача ҳам давом этмоқда.     Мустақилликка эришганимизга ҳам ўттиз йил бўляпти, “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганига эса ўттиз йил тўлди. Бу қонуннинг энг муҳим – мамлакатда иш юритиш, ҳужжатчиликка доир бир неча асосий моддаси йиллар оша амалга тўлиқ татбиқ этилмади. Бу масаланинг давлат миқёсида ҳал этилиши бўйича бир қатор Фармон, Қарорлар қабул қилинди, яна бир қисми парламентимиз муҳокамаси учун тайёрланмоқда.

 Адлия вазирлиги ҳужжатчилик ва иш қоғозлари юритиш борасида бугунги кунгача давом этиб келган сансоларликларнинг асосий сабабини бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида” лойиҳа таклифи билан чиқди. Таклифга кўра, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг 42-моддаси қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин: “Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, – дейилган.                                                                                                              Хўш, нима бўпти? Тўғри таклиф. Ҳар қандай тартиббузар одам қилмишига яраша танбеҳ олиши керак. Давлат тилида иш юритишда йўл қўйиладиган ҳолат эса тартиббузарлик эмас, қонунбузарликдир. Шундай бўлгач, қонунбузар ким бўлишидан қатъий назар қонунга биноан тегишли тарзда жазоланиши керак. Бу дунё миқёсида қабул қилинган умумий қоида. Ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Аммо ҳайрон қолинадиган жойи шундаки, Адлия вазирлигининг бу таклифи негадир баъзи бир “дўстларимиз”нинг ижтимоий тармоқлар орқали айюҳаннос солиб, ушбу таклифни нотўғри талқин қилишлари ва жазавага тушишларига сабаб бўлди.                                         Ахир Ўзбекистон мустақил бир давлат бўлса, ўзининг ички ва ташқи сиёсатини бошқа бир давлат фуқаролари ёки ичимиздаги айрим, ўз манфаатидан бошқасини ўйламайдиганларнинг ноқис фикрлари билан  амалга оширадими?

Йўқ, жаноблар! Бундай ўйлашларингиз мутлақо нотўғри. Биз ўттиз йилдан сўнггина 21 октябрни Ўзбек тили байрами куни деб эълон қилдик. Бу табиий ҳол. Чунки дунёда ўзини ҳурмат қиладиган қанча-қанча мамлакатлар ўз давлат тили байрамини кенг нишонлаб келмоқда. Чунончи, 20 апрель – хитой, 23 апрель – испан, 15 май – форс, 6 июнь – рус, 1 август – озарбайжон, 31 август – молдаван, 26 сентябрь – турк, 9 декабрь – италян, 18 декабрь – араб тили куни сифатида нишонланади. Бунинг нимаси ёмон! Бу саналарнинг байрам сифатида нишонланиши шу давлатларда яшаётган барча халқларнинг дам оладиган байрами, шу давлатнинг тилига бўлган ҳурмати ва эҳтиромининг юксак намунаси эмасми?!       Яна “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 42-моддасига қайтадиган бўлсак, Адлия вазирлиги бу таклифни ўз-ўзича ўйлаб топгани ёки  ҳаводан олгани йўқ. Дунё қонунчилиги амалиётидаги бой тажрибалардан ўрганиб, давлат тили ҳақидаги қонуннинг мамлакат миқёсида амалда ҳеч қандай истисноларсиз қўлланиши механизмини яратиш мақсадида киритяпти. Буни фақат олқишлаш керак, жаноблар!

Кеч бўлса ҳам, шундай таклиф ишлаб чиқилди. Қонунни биладиган, унга қатъий риоя қиладиган раҳбарлар эса ҳеч қачон ва ҳеч қанча жаримага тортилмайди, аксинча, рағбатлантирилиши мумкин. Бу ўринда айрим “дўстларимиз”нинг ортгиқча ҳис-ҳаяжонга берилиб, жазавага тушишларига, бировларнинг ҳуқуқлари камситиляпти, поймол этиляпти, деб бўҳтон қилишларига ва ижтимоий тармоқларда беҳуда шовқин солишларига ҳеч қандай ҳожат йўқ.

Мамлакатимизда фаровон турмуш кечираётган азиз юртдошларимиз, миллатдошларимиз, бошқа барча миллатлар ва элатларнинг вакиллари шу мамлакатнинг туз-у намаклари, ноз-неъматлари, ҳурмат-еъзозлари, иззат-икромлари, меҳр-у мурувватлари, ғамхўрлиг-у саховатларидан беминнат баҳраманд бўлаётган эканлар, шу юртнинг азалий урф-одатларига, анъана-ю қадриятларига, тартиб-қоидаларига, унинг давлат тили ҳақидаги қонуни талабларига ҳам қатъий риоя этишлари инсофдан бўлади.

Мардон БОЛТАЕВ,

СамДУ кенгаши котиби, доцент.