Ички ишлар тизимида ҳам бир қатор чекловлар ўрнатилди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосарининг буйруғига кўра, Ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмалари томонидан 2020 йил 24 март кунидан бошлаб алоҳида кўрсатма бўлгунга қадар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни, шу жумладан юридик шахсларни қабул қилиш, шунингдек, маъмурий амалиёт, имтиҳон олиш, автотранспорт воситаларини рўйхатдан ва техник кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш вақтинча тўхатилди. 

Кечиктириб бўлмас ҳолатларда (паспорт, прописка, виза, маъмурий амалиёт, имтиҳон олиш, автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ва техник кўрикдан ўтказиш масалалари) фуқароларни қабул қилиш ички ишлар органи раҳбарининг рухсати асосида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда махсус ажратилган хоналарда амалга оширилади.

2020 йил 24 март кунидан кейин паспорт, яшаш гувоҳномаси олиш, алмаштириш, пропискани расмийлаштириш, виза ва яшаш гувоҳномаси муддатини узайтириш масалалари юзасидан миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат этишни режалаштирган ва вақтинчалик қабул тўхтатилганлиги муносабати билан мурожаат қила олмаган шахслар паспорт тизими ва бўлиш қоидаларини бузган, деб ҳисоланмайди ва уларга маъмурий чора кўрилмайди.

Шу билан бирга автомототранспорт воситаларини белгиланган муддатларда давлат рўйхатидан ва техник кўрикдан ўтказа олмаган, жарималарни ўз вақтида тўлай олмаган ҳайдовчилар вақтинча жаримага тортилмайди.