Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Инсоннинг энг яхши табиби –  унинг танаси

Инсон танаси шундай тузилган эканки, у ҳар дақиқа, ҳатто бизнинг аралашувимизсиз ҳам ўзини ўзи парваришлаш устида иш олиб боради, даволанишга интилади. Биз фақат халақит бермаслик орқали унга ёрдам беришимиз мумкин.

Инсон саломатлиги фақатгина қон таҳлили натижаси ёки босим кўрсаткичларига боғлиқ эмас. Бу кимёвий жараёнларнинг хусусиятини аниқлаб берадиган индикаторлар замонавий тиббиётда яратилган. Саломатлик аввало, бу бизнинг турмуш тарзимиздир. Турмушдаги ўзгаришлар эса фақат туз истеъмол қилиш ёки кунига 2 литр сув ичиш билангина эмас, соғлиғимизни сақлаш тўғрисидаги тушунчаларга эга бўлишимиз билан боғлиқ.

Саломатлик  - бу тундаги соғлом уйқу, танада оғриқ сезмаслик, иштаҳа билан овқатланиш, яхши хотирага эга бўлиш ва сиз учун муҳим бўлган нарсаларга эришиш қобилияти. Саломатлик – бу оилангиз билан ўтказадиган вақт, тоза ҳаводан нафас олиш қувончи, келажакдан қўрқмаслик ва кундалик стрессларга қарши тура олиш қобилияти. Танангизга муносабатингиз ва аъзоларингиз соат каби ишлаётганини бахтиёрлик билан сезиш туйғуси. Бу – ҳаракатланиш, ҳаётдан завқлана олиш ҳиси.

Замонавий медицина кўпгина касалликларни даволаса-да, бу каби масалаларни ҳал қилмайди. Агар сиз уйқусизликдан азият чексангиз, сизга фармацевтик кимёвий дори ёзиб беришади. У дори сизни гангитиб, сулайтириб қўяди, яхши ухлаб, вазиятдан мақбул чиқдим, деб ҳисоблайсиз. Бунақа уйқудан сўнг ўзингизни дам олган ва кучга тўлган ҳис қиласизми? Буниси эса ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ўзингиз учун “саломатлик” тушунчасини аниқлашга ҳаракат қилинг.

Энди танада шифо берадиган кучимизни қандай қилиб ёқишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

Болалигингизда бўлган бирор воқеани эсланг. Тез югуриб, тўсатдан йиқилдингиз... Тиззаларингиз йиртилгач йиғлаяпсиз ёки кўз ёшларингизни ушлаб туришга ҳаракат қиласиз. Тезкор “учиш”нинг оқибатларидан йиртилган тиззангиз аввалгидек бўлмайди деб уйлаб, ваҳимага тушдингиз. Эртаси куни қарабсизки, мўъжиза юз бериб, тиззаларингиздаги яра битишни бошлабди. Танангиз муҳофаза пардаси яратди, унинг ёрдамида бактериялар кирмайди ва тиззангиз аста-секин асл ҳолатига қайтади. Тери ҳужайралари “ҳаракатга тушиш” кераклигини тушунади, кўпайишни бошлаб, оғриқли жойни “ямашни” бошлайди. Яъни, тана ҳужайра даражасида қачон нима қилиш кераклигини билади. Яра даволангач, тикланиш жараёни эҳтиёткорлик билан тўхтайди.

Бу жараёнларнинг барчаси бизнинг аралашувимизсиз, ухлаган пайтимизда содир бўлади. Онгимиз туш кўраётган пайтда танадаги биокимёвий жараёнлар ва даволаниш учун зарур бўлган ўзгаришлар, қувват алмашинуви, яъни алкимё содир бўлади.

Демак, соғлом бўлишни истасангиз, танангиз бераётган туртки ва соғлиқнинг ҳақиқий тамойилларини тушунишни ўрганинг. Умумун олганда, танангизнинг ўзи соғлом бўлишни хоҳлашини ва бу учун кўп куч сарфлашини унутманг.

Бизнинг танамиз табиатан ажойиб яратилган. Инсон табиатан энг илғор нанотехнология - бенуқсон иммунитет соҳиби. Бизнинг асаб тизимимиз ўзининг мураккаблиги ва тартиб тузилиши бўйича дунёдаги энг илғор компьютерлардан устун. Ички аъзоларимиз хотирани ва ҳиссиётларни сақлаб қолади, шунинг учун трансплантация қилинганларга қисман донорнинг хотиралари ва ҳиссий тажрибалари ўтар экан.

Мухтасар қилиб айтганда, биз - танамиз ўзини ўзи даволайдиган куч-қудратга эга, табиат яратган мўъжиза...

Тўғри овқатланишга ҳаракат қилинг, кўпроқ сув ичинг, ёғли гўшт истеъмол қилманг, бадантарбия билан шуғулланинг, кимёвий моддаларни ишлатманг, косметика, атирлар ишлатмай кўринг-чи. Эҳтимол, кейин танангиздаги шифобахш кучлар сизга ёрдам беришни бошлар...

Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.