Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иқлим ўзгариши минг мартага тезлашган, табиат эса улгура олмаяпти

Иқлим ўзгариши бизнинг гўзал ва миллион йиллар давомида мувозанатга эга бўлиб келган сайёрамизда кўплаб тартибсизликларни келтириб чиқармоқда, деб ёзади Human.uz.

Уммон ва ўрмонлардаги ўзгаришлар сабаб, эҳтимол бир неча юз минглаб набодод ва ҳайвонот вакиллари йўқолиш арафасида турибди. Уларнинг айримлари эса глобал исишга мослашиш учун ўз хусусиятларини ўзгартиришга мажбур бўлишмоқда. Мисол учун, ҳайвон ва паррандалар жуссаси тобора кичрайиб бормоқда. Боиси кичик гавдада иссиқ ҳароратни тарқатиш осон. 
Ҳозирча олимларда иқлим ўзгаришига табиатнинг мослашиши нималарга олиб келиши, бунинг қандай кечиши хусусида қарашлар етарли эмас. Куни кеча бирмунча аниқ тахмин ва фикрлар ўрин олган илмий мақолалар "Nature Communications" илмий нашрида чоп этилди. Унда 60 нафар тадқиқотчининг ишлари эълон қилинган. 
Шу вақтга қадар олиб борилган 10,000 дан зиёд тадқиқот натижаларига кўра, инсон омили сабаб юзага келаётган табиий тартибсизликларнинг натижаси хатарли бўлади. Тўғри, айрим жониворлар, ўсимликлар янги иқлимга мослашаётгандек кўринади, бироқ улар улгура олишмаяпти. Айримлари эса сезилар-сезилмас йўқ бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда, табиатда оммавий ҳалокат жараёни содир бўлмоқда. 
Ҳайвон ва ўсимликларнинг иқлимга мослашишларини икки ўзгаришда кўрамиз: морфология ва фенология. Морфология ўзгаришларга жисмонан мослашиш, фенология эса кўпайиш ва кўчиш билан боғлиқ ўзгаришлар. Мавжуд тадқиқотлар асосан фенологияни ўрганмоқда. 
Қушларни кузатиш анча қулай бўлгани боис, иқлим ўзгаришининг паррандаларга таъсири яхши тадқиқ қилинмоқда. Изланиш натижалари иқлим ўзгариши сабаб қушлар тухум қўйиб, бошқа ўлкаларга учиб кетиш вақтида адашиб қолишаётганини кўрсатмоқда.  
Иқлим азалдан ўзгариб келган. Табиат ҳам қадимдан жараёнга мослашиб келган. Аммо инсон омили сабаб юзага келаётган бугунги иқлим ўзгаришларининг суръати анъанавий ўзгаришлардан 1000 баробар тезроқ. Агар бу суръат пасаймаса, табиат бунга мослашишга улгурмайди ва сайёрамиз экотизими кўп ҳайвон ва ўсимлик турларидан маҳрум бўлади. 
 Экологик тизим жуда мураккаб тизим ва унда ҳар бир ўсимлик, ҳайвоннинг ўзига яраша ўрни, таъсири ҳамда вазифаси бор. Мисол учун, иссиқлик сабаб ҳашаротлар эрта кўпайишни бошлашса, қушлар ҳам ҳаёт тарзларини шунга мувофиқ ўзгартиришлари лозим. Акс ҳолда, табиатдаги мувозанат бузилади. 
Майда ва тез кўпаядиган ҳайвонлар улкан жуссали ҳайвонларга қараганда иқлим ўзгаришига тез мослашмоқдалар. Йирик сут эмизувчилар, мисол учун филлар учун иқлим ўзгариши хавфли келиши мумкин. 
Илмий изланишлар табиатдаги мослашувчанлик қобилияти бундан буёғига омон қолиш учун етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Ҳар бир ҳукумат ўз ҳудудида мавжуд ҳайвон ва ўсимликларнинг иқлим ўзгаришидан ҳимоя қилувчи дастурларни амалга оширишлари лозим. Акс ҳолда, бугун бизнинг қаршимизда яшаб турган табиат эртанги авлод учун армонга айланиши муқаррар.