COP15нинг тарихий келишуви: "Дунё ҳеч қачон бу даражада табиатни муҳофаза қилиш мақсадига эга бўлмаган"
Душанба куни БМТнинг биологик хилма-хиллик конференциясида музокарачилар қитъалар ва океанларни ҳимоя қилиш ҳамда ривожланаётган мамлакатларда биологик хилма-хилликни сақлаш учун муҳим маблағ ажратиш бўйича катта келишувга эришдилар.
Монреалда конференция ёки COP15 якунланишидан бир кун олдин флора ва фаунанинг кўплаб турларининг тез йўқолишининг олдини олиш бўйича шошилинч чораларни белгиловчи келишувга эришилди.
Битимнинг энг муҳим қисми - 2030 йилгача биохилма-хиллик учун муҳим ҳисобланган ер ва сувларнинг 30 фоизини ҳимоя қилиш мажбуриятидир. Ҳозирги вақтда қуруқликнинг 17 фоизи ва денгиз ҳудудининг 10 фоизи ҳимоя остида.
Жаҳон ёввойи табиат жамғармасининг сўнгги ҳисоботига кўра, 1970 йиллардан бери ёввойи ҳайвонлар популяцияси ўртача 69 фоизга камайган. Ташкилотнинг қайд этишича, бундай юқори кўрсаткич инсон фаолияти натижасидир.
"Дунё ҳеч қачон бундай миқёсда табиатни муҳофаза қилиш мақсадига эга бўлмаган", деди журналистларга "Табиатни муҳофаза қилиш кампанияси" директори Брайан О'Доннелл.