Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иштихонда камбағалликка қарши кураш бошланди

Янгикент маҳалласидаги сайёр қабулда фуқароларнинг муаммолари билан танишдик. Бу сафар ўтказилган сайёр қабулда муҳим муаммо сифатида асосан боғдорчилик (узумчилик) билан шуғулланадиган аҳолининг деҳқончилик, боғдорчиликда дуч келаётган муаммолари ўртага ташланди. Муаммоларни ҳал этиш чоралари эса маҳалла фаоллари, мутасаддилар билан биргаликда муҳокама қилинди.

Шундан сўнг маҳалладаги 20 нафар камбағал оиланинг муаммолари билан танишиш мақсадида уларни бир жойга тўплаб, бир пиёла чой устида суҳбатлашдик. Суҳбат давомида камбағал оилаларнинг аҳволи, яшаш шароити, муаммолари билан танишдик. Уларнинг асосан ишсизлик билан боғлиқ бўлган муаммоларини тинглаш қаторида уларга мавжуд бўш иш ўринлари мавжудлиги хусусида маълумотлар бердик. Бир нечта фуқароларга маҳалладаги мавжуд имкониятладан келиб чиқиб, яшаш шароитини яхшилаш, камбағалликдан чиқариш учун яратиб берилиши мумкин бўлган шароитлар борасида таклифлар бердик.

– Бизга моддий ёрдам эмас, ишлаб пул топиб, рўзғоримизни тебратишимиз учун шароит қилиб берилса бўлгани, – дейди Ойсифат Усмонова. – Томорқамиз бор, унга ток экканмиз. Меҳнат қилишдан қочмаймиз. Аммо сув муаммоси мавжудлиги сабаб, етарлича ҳосил ололмаймиз. Уйимиз эски, топганимиз ейиш-ичишдан ортмайди.

О.Усмонованинг уйига бориб, унинг шароити билан танишдик. Ҳақиқатдан хонадоннинг аҳволи бирмунча оғир. Собиқ иттифоқ даврида қурилган уйнинг шифери эскириб қолган. Мавжуд 70 туб токнинг ҳосилидан келадиган даромад оила аъзоларининг еб-ичиши, майда харажатларига етади, холос. Хонадон соҳибининг айтишича, агарда сув муаммо бўлмаса, узумдан яхшигина ҳосил олиш мумкин.

Мазкур хонадонни оғир аҳволдан қутқариш, келажакка умид уйғотиш учун оилага ёрдам бериш керак. Буни тўғри тушуниб, аввало уйини таъмирлаб олиши учун уларга шифер етказиб берилади. Деҳқончиликда самарали ҳосил етиштиришни йўлга қўйиш учун эса туман ҳокимлигининг ҳомийлиги билан сув насослари олиб берадиган бўлдик.

Иштихон тумани ҳокими Шуҳрат Негматовнинг facebook‘даги саҳифасидан олинди.