Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иситиш мавсуми бошланганидан бехабар мактаблар

Вилоят ҳокими фармойишига кўра, иситиш мавсуми 26 октябрдан бошланди. Хўш, бу борада умумий ўрта таълим мактабларида қандай ишлар амалга оширилаяпти? Куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг аҳволи талаб даражасидами? Шу каби саволларга жавоб излаб, Каттақўрғон шаҳридаги айрим халқ таълими муассасаларида бўлдик.

Шаҳарда 18 та умумий ўрта таълим мактаби бўлиб, уларда 16457 нафар ўқувчи таҳсил олади. Шаҳар мактабларининг ҳаммаси замонавий иситиш тизими билан таъминланган. Масалан, замонавий иситиш тизимига эга 16-умумий ўрта таълим мактабида 1385 нафар ўқувчи таълим олади. Мактаб биносида 16 та қозонхона мавжуд бўлиб, куз-қиш мавсумига тайёр. Аммо иситиш мавсумига ўтилганидан мактаб директори Матлуба Бозорованинг хабари йўқ.

- Биз ҳар йили 15 ноябрдан иситиш мавсумига ўтамиз. Ҳали бунга эрта. Ҳокимият бу борада бизга топшириқ бергани йўқ, - деди директор.

Шундай катта мактабга икки-уч кундан буён тоза ичимлик суви келмаётган экан. Директор бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат қилгани, улар мактабда нега сув йўқлигини ўрганаётганини айтди.

722 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 5-умумий ўрта таълим мактаби жорий йил шаҳар ҳокимлиги томонидан 300 миллион сўм ажратилиб, капитал таъмирланди. Куз-қиш мавсумига тайёр ҳолга келтирилган ушбу мактаб раҳбари ҳам иситиш мавсумига ўтилганидан бехабар.

17-ИДУМ жорий йилда замонавий иситиш тизимига эга бўлган.

- Шаҳар ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан синфхоналарга замонавий иситиш тизими ўрнатилди. Ҳатто, спорт залларимизга ҳам иситиш мосламалари қўйилди, - деди директор Дилфуза Рустамова.

Таълим муассасасида спорт залидан ташқари, гимнастика ва бокс заллари ҳам мавжуд. Болалар спортига бўлган эътибор ва яратилган шарт-шароит мақтовга арзийди.

Шаҳардаги 5-умумий ўрта таълим мактаби ва 17-ИДУМда ичимлик суви соатбай эрталаб ва кечқурун берилар экан.

1340 нафар ўқувчи ўқийдиган 3-умумий ўрта таълим мактаби жорий йилда “Обод маҳалла” дастури асосида тўлиқ таъмирдан чиққан. Таъмирлаш ишларига 2 миллиард 48 миллион сўм маблағ ажратилган. Яна 200 миллион сўм қўшимча маблағ берилган. Ҳозирда спорт зал ва ошхонада охирги таъмирлаш ишлари кетяпти.

Мактаб биносининг асосий жойларига кузатув камералари ўрнатилган. Замонавий жиҳозланган, шинам ушбу таълим муассасасига ичимлик суви ташиб келтирилади. Ҳамма шарт-шароитга эга мактабда ичимлик суви мавжуд эмас. Шаҳар мактабларида ичимлик суви муаммо бўлса, олис қишлоқларда ҳолат қандай экан?

Кузатишлардан шундай хулосага келдик, Каттақўрғон шаҳридаги умумий ўрта таълим мактаблари ҳали иситиш мавсумига ўтмаган. Бу ҳолни юқорида келтирилган мактаб директорлари шаҳар ҳокимлигидан ҳеч қандай буйруқ олмагани билан изоҳлашди. Вилоят ҳокимининг фармойиши Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигига қачон етиб боради?

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.