Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Истеъфо эълон қилган Қирғизистон президенти халқдан узр сўради

15 октябрь куни истеъфо эълон қилган Қирғиз Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков 16 октябрь куни мамлакат парламентида чиқиш қилди ва унинг президентлик даврида йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун ўз халқидан узр сўради. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.

“Албатта, фаолиятим даврида хато ва камчиликлар бўлди. Бунинг учун ҳамюртларимдан узр сўрайман. Бироқ халқ олдида менинг виждоним тоза”, деб таъкидлади Қирғизистоннинг собиқ президенти Сооронбай Жээнбеков.

Мамлакат Конституциясига биноан давлат раҳбари истеъфо эълон қилганидан сўнг барча президентлик ваколати парламент спикерига ўтади. Агар парламент спикери ҳам президент вазифасини вақтинча бажаришдан бош тортса, президентлик ваколатлари республика Бош вазири зиммасига юклатилади.

Тақдим этилган сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистон парламенти спикери Канат Исаев 16 октябрь куни президент вазифасини вақтинча бошқаришдан бош тортган.

“Мен ушбу лавозимни эгалламайман. Парламентда ўз вақтида зарурий қонунлар қабул қилиниши учун бор кучим билан ҳаракат қиламан”, деди у.

Шу тариқа Қирғизистон президентлиги вазифасини вақтинча бажариш вазифаси мамлакатнинг амалдаги Бош вазири Садир Жапаров зиммасига юклатилди.