Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иякдаги ниқоб ёки ўттиз, ўттиз, ўттиз кишилик тўйлар

Саломатликка эътиборимиз қандай эканини билиш учун айни пайтда ортиқча сўровларга ҳожат йўқ. Ҳатто кучайтирилган тақиқлар ҳам бизни саломатлигимиздан кўра, у ёки бу чекловларга эътиборсиз эканлигимиз, менсимаслигимиз муҳимдай ўзимизни тутаётганимиз жуда ғалати.

Кўп кузатаяпман, корхона ишчилари ишга келгач, ниқобини ечиб, иш бошлайди. Одам деярли юрмайдиган кўчага чиқса, ниқоб тақади. Табиий, жаримадан қўрққани учун. Бозорларда одам тўла. Гўёки ҳаммада ниқоб бор, аммо иягида илинган туради. Жаримадан қўрқиб оғизга номига илиб қўйилган оғизтўсарнинг кимга кераги бор? Бизнинг соғлигимиз ўша жаримадан ҳам арзонми?

- Куни кеча тахририятимизга бир фуқаро мурожаат билан келди, - дейди ҳамкасбларимиздан бири. – Уни эшитишга тайёрлигимни, аммо карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ниқобини тақиб олишини сўрадим. У бу гапимга кинояомуз қараб қўйди-да, ниқобини номига юзига илдириб қўйди. Шикояти нимадан иборатлигини гапириб бера бошлади. Мен ундан ниқобни қоидага кўра, тўғри тақиб гапиришини илтимос қилдим. У хўп деди-ю, яна ўз билганидан қолмади. Охири, мен ўз соғлигимни хавф остига қўйиб, сизнинг мурожаатингизни тинглаб, уни ҳал қилишга ҳаракат қилмоқчиман. Лекин сиз ҳозир бутун дунёдаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда оддий ниқоб тақишга сабрингиз етмаяпти. Узр, аммо сиз билан хайрлашишимга тўғри келади», дейишга мажбур бўлдим. Буни қарангки, у бу талабни нотўғри тушуниб, чиқиб кетишни афзал билди! Ниқоб тақиб олинг, деган таъкид унга ҳақоратдай эшитилдими, тушунмадим. Қоидага риоя қилиш ўз соғлигимиз учунку. Буни, ёш болага бўлса ҳам майлийди, ҳаётнинг оқ қорасини тушунган инсонга қандай тушунтириш мумкин?

Ижтимоий масофани сақланг, деб қачондан буён бонг урамиз. Аммо карантин чоралари юмшатилгач, одамларнинг турли юмуш билан кўчага чиқишлари кўпайди, у ёки бу бинолар, одам кўп борадиган ҳудудлар гавжумлашди. Аммо назоратчи қўйилиб, бақириб-чақирмагунга қадар ҳеч ким ижтимоий масофа ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Гўёки бизнинг саломатлигимиз учун ўша «бақироқ, шафқатсиз» назоратчи масъулдек. Ҳа, ҳа, адашмадингиз, назоратчи ўша паллада бизга айнан шафқатсиз бўлиб кўринади. Бизнинг соғлигимиз ҳақида қайғураётган (эҳтимол, вазифасини бажаришга масъул бўлган) киши кўзимизга нақ бизнинг вақтимизни ўғирлаётган, ишимизга тушов бўлиб кўринади.

Туманлардаги бозорлар нақ арининг уясидай ғувиллаб, одамлар билан гавжумлигига гувоҳ бўларкансиз, пойтахтдаги бозорда тарқалган коронавирус ҳам бизга таъсир қилмас экан-да, дея таассуф қиласиз. Айниқса, ниқоби иягида турган одамлар масофа сақлаш у ёқда турсин, узоқлиги бир қарич ҳам чиқмайдиган жойдан туриб суҳбатлашиб ўтирганига гувоҳ бўласиз.

Тўйларчи?! Айтмоқчи, бугун ижтимоий тармоқларда тартибли қилиб ўтказилаётган 30 кишилик тўйларнинг сурати-ю видеоларига маҳлиё бўлиб, тартибга кирганимиз рост бўлсин, деб енгил тортишга ошиқманг. Баъзи «яшил» ҳудудларда тўй эгасининг дарвозахонасида номигагина ўттиз кишилик дастурхон ёзилган. Ушбу дастурхон ҳар икки соатда сал ўзгартирилиб, кун давомида бир неча марталаб ўттиз кишини меҳмон қилаётганидан ҳам кўз юмолмаймиз. Энг қизиғи, қайси ҳудудда тўй қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги борасида ўзингиз тушунган сабабларга кўра эътирозлар пайдо бўлмоқда.

- “Биз тўй қилмоқчи. Нега “рухсат йўқ” дейсиз. Мана, фалончи келин туширди, пистончи қизининг фотиҳа тўйини ўтказди. Ёки қўшни маҳалладагилардан биз камми?”. Ҳар куни ана шундай даъво билан маҳалламиз марказига мурожаатлар бўлиб турибди. Нима деб жавоб беришни ҳам билмай қоламан, -  дейди Самарқанд шаҳридаги Боғимайдон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Т.Раҳматуллаев. -Мутасаддилар келишиб олиши керак. Бир ҳудудда тартиб бир хил бўлмаса, одамлар орасида тушунмовчилик, адоват, норозилик пайдо бўлади. Ёки “сариқ” ҳудудга ҳам карантин тартибига қатъий риоя этган ҳолда тўй-маъракалар ўтказишга рухсат бериш керакми? Бу масалани вилоят комиссияси кўриб чиқар, балки?

Хуллас, мақолада ниқобга муносабатимиз орқали саломатлигимизга муносабатимизни кўрсатиб бермоқчи эдим. Одамларнинг, табиийки ўнлаб ходимларни ишлаётган корхоналарнинг муносабатини. Эҳтимол, дезинфекцион туннеллар қайсидир тадбиркорни молиявий қийнаб қўяр, (шунинг учун мақолада ишламаётган, номига ўрнатилган баъзи туннелларга тўхталиб ўтирмадик) қайсидир ташкилотнинг пирометр олишга қурби етмас. Аммо ниқоб ва қўлқоп билан корхона ишчиларини таъминламасдан ишлаш ўзимизга қарши ҳаракат. Ишчиларнинг ўзи буни раҳбарларидан талаб қилишлари шарт. Яқинда пишириқ пишириб тарқатадиган цехда хотин-қизлар икки ниқоб, балки қўлқоп ва бош кийимсиз ишлаётганини кўриб, «коронавирус бизга тегишли эмас» деган хаёлда юрганлар шу яқин орамиздаги, ичимиздаги одамлар эканига амин бўлдим. Афсус…

Гулруҳ МЎМИНОВА.

 Ижтимоий тармоқлардан:

Эркин Раббимович: «Covid-19 ўзбекка минг йилда ҳам ҳеч ким қилолмаган бир яхшиликни қилди: ТЎЙлар 30 кишилик бўлди! Елкангга қуёш теккани рост бўлсин!»