Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жазирамада қандай жон сақлаш мумкин?

Ер юзи бўйлаб глобал исиш таъсирида иқлим ўзгараётган бир пайтда бизнинг ёзимиз ҳам тобора жазирама бўлиб бораётгандай, деб ёзмоқда Minbar.

Келинг, жазирамадан жон сақлаш, иссиқ уришидан сақланиш борасидаги йўл-йўриқларни ёдга оламиз.

1

Сув ичинг (меъёрида албатта)

Сув организмга ҳар қандай об-ҳавода ёрдам беради – қон айланишини яхшилайди, ҳужайраларга озиқ моддаларни етказади, ортиқчасини чиқариб юборади.Иссиқда биз терлаб, кўп суюқлик йўқотамиз, бу организмни совутишнинг табиий механизмидир. Шундай экан, тез-тез сув ичиб туриш фойдадан холи эмас.

Қанча сув ичиш керак деган саволга ҳозирча аниқ жавоб йўқ. Ўзингиз биласиз.

2

Камроқ енг

Жазирамада организм бор қувватини терморегуляцияни таъминлашга йўналтиради, шунинг учун уни қўй гўштидан қилинган кабобни ҳазм қилишга мажбурлаб зўриқтирмаслик керак. Лекин бўш қоп тик турмайди деган гап бор. Ёзда кечки салқин тушганда кўпчиликнинг иштаҳаси очилиб кетади. Кечқурун овқатга тармашмаслик учун нонушта ва тушлигингиз меъёрида бўлгани маъқул.

Суюқликка бой маҳсулотларни истеъмол қилинг: кўкатларда, айниқса исмалоқда витаминлар ва фойдали моддалардан ташқари сув ҳам кўп бўлади. Бодринг ва тарвузгача бўлган бир қатор мева ва сабзавотлар, шакар қўшилмаган табиий йогурт шу жиҳатдан яхши.
Жазирамада одатда ҳазми енгил таомлар истеъмол қилинади.

3

Очиқ-сочиқ кийинишга шошилманг

Жазирамада ҳамма енгил кийинишга интилади, лекин бу яхши эмас (уйда бўлмасангиз албатта). Баданни ёпиб турувчи ҳилпиллаган кийим терини қуёшдан ҳимоя қилади; у парник эффектини ҳосил қилмайди ва теридаги тернинг буғланиб кетишига имкон беради – терморегуляция айнан шундай кечади. Лекин кийимнинг қандай матодан тикилгани муҳим аҳамиятга эга: мато табиий бўлиши ва қалин бўлмаслиги лозим. Яъни сунъий матодан тикилган футболкадан пахтали кўйлак авло.

Кун қиздирганда бош кийим кийиб юришни унутманг. Оёқ кийимингиз ҳам енгил ва ҳаво ўтказадиган бўлсин.

4

Кондиционердан эҳтиёт бўлинг

Инсонни унча-мунчага иссиқ урмайди, аммо унинг аломатларини сезмай қолишингиз мумкин, шунинг учун ҳар-ҳар замон салқинлаб туринг. Лекин кондиционердан фойдаланганда эҳтиёт бўлиш керак. Совқотиш асосий муаммо эмас (ҳамкасбларингиз ёки яқинларингиз сиз учун ноқулай бўлган ҳароратни маъқул кўришса албатта). Биз кўпинча кондиционерлар ҳам ифлосланишини эътибордан қочирамиз, бу эса бурун битиши, бош оғриғига, ҳатто астманинг кучайишига олиб келиши мумкин. Илгари бу «касал бино» аломатлари деб аталган.

Агар кондиционер намлик ва конденсатни яхши чиқармаса унда аста-секин бактерия ва замбуруғлар тўпланиб, хона шамоллатилмагунча унда айланиб юради. Бу ҳаво-томчи йўли билан юқадиган хасталиклардан биронтаси юқтириш эҳтимолини оширади. Шу боис шифокорлар кондиционер филтрини ўз вақтида алмаштиришни тавсия қилишади.

Жазирамадан сақланиш учун бошқа усулни ҳам қўллаш мумкин. Ҳамма биладигани – эшик ва деразаларни очиб хонани шамоллатиш. Хона тўғри шамоллатилса киши елвизакдан касал бўлмайди. Вақти-вақти билан уйни шамоллатиб туриш керак, чунки ҳатто хонадаги электр ускуналар ҳам ўзидан иссиқлик чиқаради.

5

Терингизга қараб юринг

Терини парваришлаш – бодилик эмас, заруратдир, у ҳар фаслда ҳар хил парваришни талаб қилади. Масалан, ёзда терини спиртсиз юмшоқ воситалар билан яхшилаб тозалаш керак. Офтобда қолган терига кўпроқ намлик зарур бўлади, лекин бу ҳар 20 дақиқада юзни маъданли сув билан ювиш шарт дегани эмас. Айнан шундан эҳтиёт бўлиш лозим: сувни кўчада пуркасангиз, у юздаги чанг билан қоришиб кетади. Шунинг учун дерматологлар огоҳлантирадики, маъданли сувга ружу қўйиш билан терингизни «қуритиб» қўйишингиз мумкин.

Намловчи лосьон ёки таркибида сувни сақловчи унсурлар кўп бўлган зардобдан фойдаланинг, устидан эса юпқа қилиб крем ё гел суртинг. Ёдда тутингки, уларни чўмилгандан сўнг беш дақиқа ичида суртиш керак. Терингиз қандай турга киришини билиб олинг, бўлмаса унга тўғри келадиган маҳсулотларни танлай олмайсиз. Сочини қириб олдирадиганлар бош терисини офтобдан ҳимояловчи воситалардан фойдаланиши мумкин.

Тўғри танланган дезодорант ёки антиперспирант ҳам иссиқдан сақланишга ёрдам беради: биринчиси ҳидни йўқотади, иккинчиси терлашнинг олдини олади.

6

Офтобдан ҳимояловчи воситаларни сотиб олинг

Қуёшли кунларда узоқ вақт тобланиб, D витаминининг йиллик захирасини йиғиб олишга ҳаракат қилманг. Оқ-сариқдан келганларнинг аксариятига D витаминини меъёрида сақлаб туриш учун ҳафтасига уч марта қуёшда 10-15 дақиқа юриш кифоя. Офтобда тобланишга келсак, эсда тутинг: бу меланин ишлаб чиқаришдир, яъни тери ультрабинафша нурлардан зарарланмаслик учун ушбу пигментни ишлаб чиқаради. Ловуллаган офтоб тагида кўп юриш терининг қуруқшашига, эрта қаришига, қайишқоқлигини йўқотишига, ҳатто саратоннинг баъзи турларига чалиниш хавфининг ошишига олиб келади.

Аллақачон тобланишни бошлаган бўлсангиз, буни эрталаб ё кун ботишидан олдин қилганингиз маъқул: нурланиш энг кучли бўлган соат 10 дан 16 гача қуёшда юриш тавсия этилмайди. Кўпчилик пляждан ташқарида қуёшдан ҳимояловчи воситаларга шубҳа билан қарайди ва нотўғри қилади. Бахтимизга юз ва бадан учун чиқариладиган кўп кремларда SPF (инглизча Sun Protection Factor) бўлади (ишлаб чиқарувчилар доим уни кўринарли жойга ёзиб қўйишади). Аббревиатура ёнидаги рақам терининг куйишга чидамлилигини билдиради, масалан SPF 30 SPF 15 га нисбатан яхшироқ ҳимоя қилади, бироқ ҳарҳолда икки баробар эмас.

Дерматологлар ҳимояни ҳар икки соатда, шунда ҳам чўмилгандан сўнг алмаштиришни (йўриқномада бундай қилиш мумкин эмас деб кўрсатилмаган бўлса) тавсия қилишади. Бунинг устига булутли кунларда ҳам ҳимоядан фойдаланса бўлади. Яна бир гап: қуёшдан сақловчи яхши кўзойнак учун пулни қизғанманг, ойна ўрнига қорайтирилган пластик ўрнатилган кўзойнак ультрабинафша нурлардан ҳимоя қилмайди, ҳимояланганлик ҳиссини уйғотади холос.