Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жисмоний шахслар қанча ер солиғи тўлайди?

Президентимизнинг 2020 йил 3 декабрдаги “Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашларига Солиқ кодекси билан белгиланадиган солиқ ставкалари асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун туман ва шаҳарлар кесимида уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб ер солиғи ставкасига 0,5 дан 2,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффицентлар қўллаган ҳолда ер солиғи ставкаларини белгилаш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, эндиликда туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан белгиланган, Тошкент шаҳри бўйича эса Солиқ кодексида белгиланган ер солиғи ставкаларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун, уларнинг ҳудудларида жойлашган даҳа, массив, маҳалла, кўча кесимида 0,7 дан 3,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни киритиш ҳуқуқига эга.

Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи (якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари) суммаси 2020 йил йил учун ҳисобланган солиқ суммасининг 1,3 бараваридан ошмаслиги лозимлиги белгилаб қўйилди.

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши томонидан 2020 йил 29 декабрда “Самарқанд вилоятининг 2021 йилги маҳаллий бюджети тўғрисида”ги қарорига асосан вилоят бўйича 1 квадрат/метр ер учун базавий солиқ ставкаси 297,6 сўм этиб белгиланган бўлиб, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан жисмоний шахсларнинг ер солиғи маҳаллалар кесимида тасдиқланди. Масалан, Тойлоқ тумани учун базавий солиқ ставкаси 178,56 сўм. Ўртақишлоқ маҳалласи учун эса 0,76 фоиз камайтирувчи коэфициент қўлланилди (178,6*0,76=135,71 сўм). Яъни, Ўртақишлоқда 1 квадрат/метр ер учун 135,7 сўм солиқ белгиланди.

Жисмоний шахсларнинг ер солиғи халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланишининг афзалликлари кўп. Чунки, шу пайтга қадар узоқ тоғли, ижтимоий инфратузилмаси паст бўлган ҳудудларнинг ер солиғи ставкаси ҳам туман ва шаҳар марказлари билан деярли бир хил эди. Энди эса депутатлар ушбу жиҳатларни ҳисобга олиб, солиқ ставкасига ўзгариш киритиш имкониятига эга бўлди.

Дилшод Зайниев,

Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи.