Нотурар объектлар учун мол-мулк ва ер солиғи тўлаш тартибини биласизми?

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига асосан иморат, бино ва иншоотлар, уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар ва ер участкалари ҳамда шу объектларнинг ҳар бирини қиймати ва ер майдонларига доир маълумотлар солиқ ҳисоблаш объекти ҳисобланади.

Мол-мулк ва ер солиғи объектлари учун солиқлар ҳар йили 1 январга бўлган ҳолатига кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан бериладиган тегишли маълумотлар ва қонунчилик билан белгиланган ставкалар асосида ҳисоблаб чиқарилади.

Солиқ солиш объектлари жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилган ёхуд улар юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилган тақдирда, шунингдек жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади.

Тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган ёхуд уйлар, дала ҳовли иморатлари, якка тартибдаги гаражлар ва бошқа иморатлар, иншоотлар, жойлар юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилганда ер участкалари учун ер солиғи жисмоний шахслардан юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш учун белгиланган ставкалар бўйича ундирилади ҳамда уларга ушбу Кодекснинг 290-моддасида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.

Шу билан бирга, жисмоний шахс ёки оилавий корхона турар жойдан ва ер участкасидан унда жойлашган уйда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, мол-мулк ва ер солиқлари жисмоний шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади.

- Жорий йилнинг 1 август ҳолатига Каттақўрғон туманида 675 та нотурар объектлар давлат рўйхатидан ўтказилган, - дейди туман ДСИ бўлим бошлиғи Илҳом Эгамов. - 2019 йил учун ҳисобланган нотурар объектларга мол-мулк ва ер солиқларни муддатида ундириш мақсадида 526 та нотурар объектлардан бугунги кунда 723.6 млн.сўм солиқ ундирилиши таъминланди.

Ҳисобланган солиқ жисмоний шахслар томонидан солиқ даври учун ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар тўланади. Ҳар бир фуқаро ўзига тегишли мол-мулк объектлари ва ер участкалари учун ҳисобланган солиқни тўлов муддатидан олдин тўлаши мумкин.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати.