Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жисмоний тарбия фақат 1-курс талабаларига керакми?

Самарқанд шаҳридаги олий ўқув юртларида спортга берилаётган эътибор, талабаларни спортга жалб қилиш аҳволи ўрганиб чиқилганда шу нарса аён бўлдики, жорий ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида жисмоний тарбия дарслари фақат 1-курсларга ўтилар экан. Хўш, нима учун? Жисмоний тарбия фақат 1-курс ўқувчиларига керакми, деган савол туғилиши табиий. Бунинг сабабини Самарқанд давлат университети профессори Зайниддин Болтаев қуйидагича изоҳлади:

- Жаҳон тажрибасида ривожланган мамлакатларда жисмоний тарбия фан сифатида фақат 1-курс талабаларига ўтилади. Талабалар бир йил кўникма ҳосил қилгач, кейинги йилдан мустақил равишда ўзи истаган спорт тўгарагига аъзо бўлиб, дарсдан бўш вақтида машғулотларда қатнашади. Бундан буён республикамизнинг барча олий таълим муассасаларида жисмоний тарбия фани фақат 1-курс талабаларига ўтилади. Университетда волейбол, баскетбол, футбол, теннис, гимнастика, қўл тўпи, шахмат каби 16 тур спорт тўгараклари мавжуд. Шу ўринда бир таклифим бор: талабалар учун сузиш спорт мажмуаси қурилса, махсус бассейнлар бўлса мақсадга мувофиқ бўларди.

- Аслида биз Вазирлар Маҳкамасига бу таклифни бердик, яъни талабаларни спортга жалб қилишнинг янгича услубини, намунавий фан дастурини ишлаб чиқдик, - дейди Самарқанд давлат университети факультетлараро жисмоний маданият ва спорт кафедраси мудири, доцент Орифжон Раупов. – Сабаби, жисмоний тарбия дарси 1-курс талабаларига ҳафтада бир марта ўтилади. Тўгаракларда эса ҳафтада уч марта қатнашиши мумкин. Юқори курс ўқувчилари ўзлари истаган спорт тўгарагига дарсдан сўнг қатнашади.



Бундан кўзланган мақсад – спортчиларнинг маҳоратини янада ошириш, ёшларни ўзлари истаган спорт турига қатнашишга имкон беришдир. Университетимизда талабаларнинг спорт тўгаракларида қатнашиши учун етарлича шарт-шароит яратилган. Ёпиқ спорт мажмуамиз талабалар ётоқхонасининг ёнида жойлашгани ҳам улар учун айни муддао. Талабалар дарсдан сўнг спорт залига келади. Ўзим катта теннис бўйича машғулотлар ўтаман. Фақат бизда катта теннис майдони йўқлиги сабабли “Динамо” стадионидан фойдаланиб турибмиз. Келажакда университетимизнинг ўзида теннис корти қурилишидан умидвормиз.

Талаба тўгаракдан репетиторни афзал билади

Хўш, олий таълим муассасаларида жисмоний тарбия фани фақат 1-курсларга ўтилаётган бўлса, юқори курс талабалари спортга қандай жалб қилинмоқда? Улар спорт тўгаракларига тўлиқ қамраб олинганми? Дарсдан кейин талабалар спорт мажмуаларига ўз хоҳиши билан қатнаяптими, деган саволларга жавоб топиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги айрим олий таълим муассасаларида бўлдик. Аммо спорт тўгараклари 2 октябрдан фаолият кўрсатишини айтишди. Ҳозирча талабалар тўгаракларга аъзо бўлаётган экан.

Ёшларни спортга жалб этишнинг янгича услуби талабаларга маъқулми? Улар бунга нима дейди?

- Бизнинг курсимизда ҳеч ким ўзи хоҳлаб спорт тўгарагига бормайди. Сабаби, биринчидан, вақти йўқ, иккинчидан, талабаларнинг ўзларида иштиёқ йўқ, - деди ўзини таништиришни истамаган талаба.

- Мен эса дарсдан сўнг инглиз тилига репетиторга боряпман. Шунинг учун спорт тўгарагига қатнашни режалаштирганим йўқ, - деди иккинчи талаба.

- Тўғри, университетимизда турли спорт тўгараклари бор, аммо ёзги спорт майдони йўқ. Шунинг учун ўртоқларим билан ҳафтада икки марта пулли футбол майдончаларига бориб, ўйнаб келаман, - деди учинчи талаба.

Хориж тажрибасининг самара беришини вақт кўрсатади, аммо мажбуран дарс ўтилмаса ҳамма талаба ҳам спорт билан жиддий шуғулланмаслигини ёшларнинг ўзи ҳам тан олмоқда.

Спортчи талабаларимиз борми?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 4 сентябрда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшларни спортга қамраб олиш, ёш спортчиларни тарбиялаш, уларни олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиш масалаларини кўтарди. Шунингдек, мамлакатимизда спорт иншоотлари етарли эмаслиги, хусусан, вилоятимизда бу кўрсаткич 3,4 фоизни ташкил этиши қайд этилди.

Самарқанд давлат тиббиёт институтига қарашли ёпиқ спорт мажмуаси эски бинода жойлашган, замонавий жиҳозланмаган. Очиқ спорт майдони ҳам қаровсиз аҳволда, ўт босиб ётибди. Самарқанд давлат чет тиллар институтининг спорт мажмуаси йўқ. Институт ташкил топгандан, яъни 28 йилдан бери СамДУнинг спорт залларидан фойдаланиб келмоқда. Самарқанд давлат университетининг 5 та ёпиқ спорт мажмуаси бор, аммо очиқ спорт майдонлари йўқ. 

Жорий йилда Самарқанд давлат тиббиёт институти ҳамда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига бирорта ҳам спортчи талаба ўқишга қабул қилинмаган. Самарқанд давлат университетининг тарих, фалсафа, биология, математика, география факультетларига жами 15 нафар спортчилар ўқишга кирган.

Ёшлар ўртасида спортни оммавийлаштириш мақсадида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ­“Универсиада” спорт мусобақаси ўтказилади. Унда олий таълим муассасаларининг 17-28 ёшдаги бакалавр ва магистрлари қатнашади. Бу йўналишда йил давомида ҳар бир факультетнинг спорт жамоалари шакл­лантирилади ва ғолиб бўлган жамоалар вилоят терма жамоаси сафида мусобақанинг республика босқичига боради.

Олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилиб келинаётган “Универсиада” спорт мусобақаси ҳозирча тўхтатилган. Бунинг сабабини СамДУ факультетлараро жисмоний маданият ва спорт кафедраси ўқитувчиси Фахриддин Облоназаров қуйидагича изоҳлади:

- Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 октябрда қабул қилинган “Ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида ўтказиладиган респуб­лика спорт мусобақалари тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори айрим норозиликлар туфайли бекор қилинди. Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг спорт мусобақалари тўғрисидаги янги қарори қабул қилиниши кўзда тутилмоқда. Қарор чиққач, олий таълим муассасалари ўртасида “Универсиада” спорт мусобақалари бошланади.

Ёшларни спортга жалб этиш борасида ҳали ечимини топиш керак бўлган муаммолар жуда кўп. Бунга мутахассислар эътибор қаратади, деган умиддамиз.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.