Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбой ва Самарқанд туманларида нега ҳоким ўзгарди?

Ўтган ҳафта вилоятимизга Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташриф буюриб, амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнлари, белгиланган лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши билан танишди. Вилоятда туризм, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида кластер тизимини кенг жорий этиш, замонавий технологияларни қўллаш ва бошқа масалалар юзасидан яқин истиқболдаги вазифалар белгиланди. Вилоят фаоллари, секторлар раҳбарлари билан шу ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Кечаги услуб, қотиб қолган қарашлар билан олдимизга қўйган мақсадларга эришиб бўлмайди. Бугунги давр барчамиздан янгича фикрлашни, замон шиддатига мос ишлашни тақозо этади, деди давлатимиз раҳбари. Ва, ушбу мулоқот ортидан Самарқанд ва Жомбой туманлари ҳокимлари вазифасидан озод этилди. Ҳокимлар билан бирга туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга масъул бўлган қолган уч сектор раҳбарлари – прокурор, ички ишлар бўлими ва солиқ инспекцияси бошлиқлари ҳам ишдан олинди.

Сессияларда иштирок этган Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ўз сўзида ушбу раҳбарлар фаолиятида йўл қўйган камчиликлар ҳақида батафсил сўз юритди.

Жумладан, вилоятда кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари улуши 52,5 фоизни ташкил этган бир вақтда, барча имкониятларга эга бўлган Жомбой туманида бу кўрсаткич 19,5 фоизни ташкил этар экан. Ҳудуднинг ташқи савдо айланмасида кичик тадбиркорлик субъектларининг улуши эса атига 33 фоиз. Йилнинг биринчи ярми учун белгиланган 14,5 млн. долларлик ҳудудий экспорт режаси ҳам 75 фоизга бажарилган. Туманда “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури асосида                   1,5 миллиард сўмлик 120 та лойиҳага ижобий хулоса берилган бўлсада, 820 миллион сўмлик 76 та лойиҳа молиялаштирилмаган.

Маълумотларга кўра, туманда етиштирилган 202,5 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларининг бор йўғи 16 фоизи қайта ишланади. Мева-сабзавот маҳсулотларини замонавий усулда сақлаш учун етарли миқдорда музлаткичли омборлар ташкил этилмаган. Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш ишлари тизимли ташкил этилмаган. Ушбу масалага тўрт сектор раҳбари ҳам масъулиятсизлик билан ёндошган.

Туманда ижтимоий  соҳада ҳам бир қатор муаммолар мавжудлиги қайд этилди. Хусусан, давлат мактабгача таълим муассасаларининг 7 таси мослаштирилган бинода фаолият кўрсатмоқда. 5 таси тўсиқ деворлари билан ўралмаган, 15 тасида ташқи ҳожатхоналари қониқарсиз аҳволда, 22 таси тоза ичимлик суви билан таъминланмаган, 7 таси реконструкция ва 6 таси жорий таъмирга муҳтож.

56 та умумтаълим мактабининг 26 таси тоза ичимлик суви билан таъминланмаган, 50 тасининг атрофи тўлиқ ўралмаган, 35 тасининг иситиш тизими ишламайди, 18 тасида спорт заллари мавжуд эмас. Бундай камчиликлар маданият муассасаларида ҳам жуда кўп.

Самарқанд туманида илгари фаолият юритган 562 та саноат корхонасининг 7 таси бугунга келиб тугатилган, 38 та саноат корхонаси фаолият кўрсатмаяпти. Жорий йилнинг дастлабки олти ойида туманда 12,7 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган бўлиб, ҳақиқатда 5 та лойиҳа бўйича 6,8 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилган холос. Туман мева-сабзавотчиликка ихтисослашган бўлишига қарамасдан 6,8 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилиниб, белгиланган режа 54 фоизга кам бажарилган.  Айни пайтда юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда Самарқанд туманида 1811 тадбиркорлик субъектининг 198 таси, 2561 нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг 1240 нафари фаолият кўрсатмаяпти.

Туманда болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамрови 30 фоизни ташкил этади холос. Мавжуд 83 та боғчанинг 3 таси тоза ичимлик суви билан таъминланмаган, 7 таси реконструкция ва 18 таси таъмирга муҳтож.

4 та маданият марказининг бинолари ўта қониқарсиз ахволда бўлиб, мусиқа чолғу асбоблари, мебель ва замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминланмаган. Катта бир туманда ҳалигача маданият ва истироҳат боғи йўқлигини қандай изоҳлаш мумкин? Истироҳат боғи қуриш 2013 йилда дастурга киритилган бўлсада, ҳалигача бу иш якунига етказилмаган.

Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам бир қанча муаммолар мавжуд. Бугунги кунда 1 та ҚВП ва 1 та  тез ёрдам шохобчаси таъмирталаб ҳолатда. Туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази биноси авария ҳолатида ва умуман талабга жавоб бермайди.

Туманда қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳам самарасиз бўлиб, фермер хўжаликларининг кредиторлик қарзлари жорий йил 1 июль ҳолатига 1,0 млрд сўмни ташкил этади. Кам рентабелли, унумдорлиги паст ер майдонларини қисқартириш ҳисобига мева-сабзавот етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш ишлари талабга жавоб бермайди.

 Бундан ташқари, Самарқанд туманида “Обод қишлоқ” давлат дастурига кирган ҳудудларда ҳам қурилиш, ободонлаштириш ишлари талаб даражасида олиб борилмаяпти. Йилнинг биринчи ярми учун белгиланган ишлар бажарилмаган. 1072 та якка тартибдаги уй-жойларни таъмирлаш ишлари 30 фоизга бажарилган холос. 18 та бозор инфратузилма объекларининг бирортаси фойдаланишга топширилмаган.

Энг ёмони, икки туманда ҳам сектор раҳбарлари томонидан уйма-уй юриш, одамлар билан мулоқот қилиш ва уларнинг мурожаатларини эшитиб, муаммоларга ечим топиш борасидаги ишларга масъулият билан ёндошилмаган.

Вилоят ҳокими йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга фаоллар эътиборини қаратди.

Сессияларда ташкилий масалалар кўрилди.

Шу пайтгача Самарқанд вилояти бўйича ғазначилик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Тўйчиев Ҳамза Ҳакимович Жомбой тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Самарқанд тумани ҳокимлигига эса шу вақтга қадар Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлган Мавлонов Носир Мамарасулович тасдиқланди.