Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Журналистлигингни ташлама, болам!»

Ёшлигимда кунора уйимизга пучтачи Мамат бува келиб, турли газета ва журналларни ташлаб кетарди. Отам “Совет Ўзбекистони”, “Ленин йўли”, “Советобод тонги”ни ўқиса, энам бўш қолди дегунча “Саодат” журналини қўлидан қўймасди. Биз, болаларга “Гулхан”, “Ёш куч” нашрлари тутиларди.

Кимдир яхши бир мақолага кўзи тушса, дарров тарғиботга ўтар ва муҳокамага киришарди. Баҳсларнинг кўлами қўни-қўшнилар, баъзида бутун қишлоғимиз бўйлаб тараларди. Бирон-бир қишлоқдошимизнинг қайсидир нашрда шеъри ёки бир жумла бўлса-да, мақоласи эълон қилинсами, уҳ-ҳу ундан машҳур одам йўқ эди («Тангалик болалар» фильмини эсланг)…

Энамнинг «Саодат» журнали саҳифаларида чоп этилган мақолаларни йиғлаб мутолаа қилаётганига кўп гувоҳ бўлганман (Менимча, «Саодат»да кишини йиғлатар даражадаги таъсирли, қишлоқ аёлларининг оғир турмуш шароитлари, тақдири маҳорат билан ёритилган мақолалар босилган-да ўша даврларда). Ҳар сафар журналдан бошини кўтариб, кўз-ёшларини артган энам «Сенлар ҳам журналист бўлсанглар, одамларнинг ҳаёти, турмуш ташвишлари, кечинмалари-ю қувончлари ҳақида ёзсанглар қанийди?!», дерди.

Аввалига шунчалик «ғам-қайғу»га соладиган бу касбга энамнинг бунчалик меҳр қўйгани, бизни «газетчи, журналчи» бўлишга ундаётгани маънисига тушунмасдим…

Энамнинг гапларига фаришталар омин деган экан шекилли, йиллар ўтиб олти фарзанддан менга журналист бўлиш насиб этди. Журналистларни тайёрлайдиган олийгоҳга ўқишга кирганим барча яқинларимдан кўра, волидамни қанчалик қувонтирганини таърифлашга соҳадаги 20 йиллик тажрибам ҳалигача ожизлик қилади.

Ортда қолган йиллар мобайнида соҳанинг «қаттиқ нони» тишимни тўкди, сўзимиз, фаолиятимизга тўсқинлик машаққатлари сочимга «қиров» туширди…

Шунда энам:

- Чида болам, чида. Елкангга шамол тегар даврлар келар.

Ижарама-ижара юриб сарсонгарчиликлардан, моддий етишмовчиликлардан тушкун бўлган пайтларим яна ўша матонат тимсоли далдага келди:

- Уйинг, машинанг йўқдир. Аммо бахтли оиланг бор, қорнинг тўқ, устинг бут. Бугун бўлмаса, эртага албатта халқ, жамият, давлат ҳисоблашадиган касбинг бор.

Айрим бойваччага айланган дўстлар шу «супраси қуруқ» касб сабаб муносабатларимизга чек қўйди. Қайсидир раҳбар ёки пулдор ўзича бу «газетчи», «ёзувчи» деб паст назар қилди. Кеча тўп-тўп, бир оила бўлиб мутолаа қиладиган қишлоқдошларимнинг уйига бугун газета-журнал бормай қўйди. Кўпчилик китоб ҳам ўқимайди.

Лекин қартайиб, кўзлари ҳарфларни илғамай қолган бўлишига қарамасдан, набараси, келинлари кўмагида матбуот нашрларини «варақлашни» канда қилмайди.

…Бугун бир кийимлик мато ёки бирон егулик кўтариб бориб хабар ололмасам-да, биринчи бўлиб мени ЭНАМ касб байрамимиз билан табриклади:

- Байраминг муборак бўлсин! Фидойи жамоангни, ҳамкасбларингни табриклаб қўй. Журналистлигингни ташлама, болам!

Бўғзимга тиқилган сўз шу бўлди - «Ҳа, энам-а, энам..!».

***

Барчангизга ОНА қутлови насиб этсин!

Абдуғофир Шерхолов.