Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Карантин сабаб автотраспорт воситаларининг атмосферага таъсири камайди

Кўплаб давлатларда эълон қилинган карантин сабаб аҳолининг кўчага чиқиши, автомобилларнинг қатнови кескин камайди. Албатта, бу атроф-муҳитга ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

Ҳиндистон аҳолиси карантинда автомобиллар қатнови ва саноат тармоқларининг вақтинчалик фаолияти тўхтатилганлиги сабаб Ҳимолай чўққисини кўришга муваффақ бўлди. Маҳаллий халқ мўъжизавий Ҳимолай тоғининг қорли чўққиларини бундан 30 йил олдин томоша қилишганини эслайди. Яна қатор давлатларда атмосферанинг кескин тозаланаётгани, йўқолиб кетаётган ҳайвонларнинг пайдо бўлаётгани айтилмоқда. Хўш, вилоятимизда аҳвол қандай?

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси маълумотига кўра, республикамизда коронавирус пандемияси сабабли эълон қилинган  карантин, автотранспорт воситаларининг қатновига қўйилган чеклов натижасида вилоятимизда ҳаракатдаги манбалардан 8250 тоннага ифлослантирувчи моддаларнинг атмосфера ҳавосига ташланиши камайган.

Айни пайтда Самарқанд вилоятида жами 379709 тадан ортиқ автотранспорт воситалари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳаракатланиши туфайли йилига 103526 тонна ифлослантирувчи моддалар атмосфера ҳавосига ташланади.

Автотранспорт ҳаракатининг камайиши эвазига Самарқанд шаҳрида атмосфера ҳавосига ҳаракатдаги манбалардан зарарли газлар ташланиши кескин камайганидан далолат беради.

Вилоят гидрометеорология бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, Самарқанд шаҳридаги мавжуд гидрометеопостлардан олинган ҳаво намуналарига ўтказилган кимёвий таҳлиллар ҳавони ифлослантираётган зарарли моддалар миқдори ўрнатилган меъёрлар (ПДК) га нисбатан ташланиши углерод оксиди, азот икки оксиди, азот оксиди, фенол ва хлор ноль кўрсатишда бўлганлигини кўрсатди.