Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғонда 10 та муҳтож оила бошпанали бўлди

Туманнинг Боғот маҳалласида ҳар бири 3 хонадан иборат 2 сотихли 10 та янги уй ижтимоий аҳволи оғир, турар жойга муҳтож оилаларга бепул берилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда туман ҳокими Аъзамхон Баҳромов, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Равшан Бедилов, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Суҳроб Рафиқов, секторлар ва тегишли ташкилотлар раҳбарлари,  қурувчилар ва бир гуруҳ маҳалла фаоллари иштирок этди.

- Бошига иш тушганда мурувват ёрдамлари кўрсатилса, кўз ёшини яширолмас экан киши, - дейди янги уй соҳибаларидан бири Хумора Исмоилова. – Уйимиз йўқ эди. Турмуш ўртоғим йўл қурилишида ишларди. Яқинда бахтсиз ҳодиса туфайли оламдан ўтди. Қизим билан қаерга боришни билмай турганимда бепул берилган, яшаш учун барча шароитларга эга уй ҳаётимизга қувончли бағишлади. Яхшиям, муҳтожларни эътиборсиз қолдирмайдиган эл фарзандиман, ўзбекистонлик эканлигимдан мамнунман.

Уй-жойлар қурилишига 1 миллиард 600 миллион сўм маблағ сарфланди. Шундан 643 миллион сўми Касаба уюшмалари федерацияси томонидан йўналтирилган бўлса, қолгани маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилгани ҳисобидан ажратилди. “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағларидан эса уйларни жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

 

Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.