Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғонда босқинчилик жиноятини содир этган шахслар аниқланди

2020 йилнинг 25 апрель куни соат 00:15 да икки нафар номаълум шахслар бош ва қўлларига ниқоб кийиб, темир жисм ва ёғоч таёқ билан қуролланиб, Каттақўрғон тумани Мундиён маҳалласида яшовчи фуқаро Л.Б.нинг яшаш хонадонига қаровсиз ҳолдаги, қурилиши тугалланмаган қўшнининг уйи деворидан ошиб, ғайриқонуний равишда кирган. Ётоқхонада ухлаб ётган фуқаро Л.Б.га ҳужум қилиб, қўлларидаги темир жисм ва ёғоч таёқ билан унинг боши ва танасининг бошқа соҳаларига бир неча маротаба уриб, ҳаёт учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, уйнинг ёнида жойлашган хусусий дўконига олиб чиқиб, дўкон кассасида бўлган 2.500.000 сўм пулларини талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар давомида мазкур жиноятни муқаддам Россия Федерациясида босқинчилик жинояти учун судланган 27 ёшли И.Р. ва 28 ёшли А.З.лар содир этганликлари аниқланган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида А.З. жиноят содир этган куни ўзининг қўлидаги темир жисм - мих суғиргични ариққа ташлаб юборганлигини кўрсатиб ўтган. Шундай қилиб, А.З. кўрсатган жойдан ашёвий далил тариқасида қўлқоплар ва бир дона мих суғиргич процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. И.Р. ва А.З.лар гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.